Бўзатов фестивалида анъанавий ижро баҳслари бўлиб ўтди

Эртага эса танловнинг энг муҳим Республика босқичи — супер-финал бўлиб ўтади. Шундан сўнг танловнинг мутлақ ғолиблари аниқланади.

Маданият
14 май, 20:40
Бўзатов фестивалида анъанавий ижро баҳслари бўлиб ўтди

10 майдан буён Нукусда ўтказилаётган Бўзатов-FEST танловининг Республика босқичида бахшичилик, опера ва эстрада  йўналишлари бўйича супер-финал иштирокчилари аниқланганидан сўнг навбат анъанавий ижрога етиб келди.

Опера йўналишидаги иштирокчилардан бири, саҳнага чиқишдан олдин ҳам, саҳнада ҳам ҳаяжон бўлиши, лекин уни жиловлай олиш кераклигини айтган эди. Анъанавий ижро йўналиши бўйича 10-15 ёш тоифасида Тошкент вилоятидан келган Жавоҳир Хайитбоев эса унда ҳаяжон йўқлигини айтмоқда.

"Ҳаяжон йўқ. Чунки мен бундан аввал ҳам катта саҳналарга чиққанман. Давлат тадбирларида, концертларда, Халқлар дўстлиги санъат саройида Муножаат Йўлчиеванинг олдида ҳам қўшиқ куйлаганман. Бўзатов-FEST`да эса биринчи марта иштирок этишим. Агар ютсам, пулни ота-онамга бермоқчиман ва ўз устимда ишлаш учун ўзимга ҳам чолғулар сотиб оламан".

Бу йўналиш бўйича ҳам 12 та вилоят, Тошкент шаҳар ва Қорақалпоғистон Республикасидан финалгача етиб келган иштирокчилардан янада масъулиятли бўлиш талаб этилади. Сабаби уларни ўз йўналишлари бўйича энг маҳоратлилардан иборат ҳайъат аъзолар гуруҳи баҳолайди. Хўш уларга ижролар маъқул бўляптими?

Муножаат Йўлчиева Ўзбекистон Қаҳрамони, ҳакамлар ҳайъати раиси: “Маъқул бўлаётган ижролар бор. Лекин 10-15 ёшлар тоифасидаги иштирокчиларда "катта ашула айтсам, юқори баҳо қўйишади" деган нотўғри тушунча бўляпти. Ҳозирдан бундай катта асарларни ижро этиш, кейинчалик болаларнинг овозига ёмон таъсир қилиши мумкин. Тўғри болаларда ҳозир жарангдор, қўнғироқдек овозлари бор, лекин кейинини ҳам ўйлаш керак. Бу борада уларнинг устозларига диққатлироқ бўлишларини сўраган бўлардик”

Бугунгача 4 та йўналиш бўйича ҳам финал иштирокчилари тингланиб, супер-финалга ўтганлар аниқланди. Эртага эса танловнинг энг муҳим Республика босқичи — супер-финал бўлиб ўтади. Шундан сўнг танловнинг мутлақ ғолиблари аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, супер финалда 1-ўринни қўлга киритган иштирокчилар 50 миллион сўмдан, 2-ўрин учун 30 миллион сўмдан, 3-ўрин эса 20 миллион сўмдан пул мукофотини қўлга киритишади. Қолган барча финалчиларга эса 10 миллион сўмдан пул мукофоти берилади 

Одинахон Деҳқонова

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+