Миллий таомларни тарғиб қилишга қаратилган "Plov Festivali" бошланди
28 сентябрдан 18 октябргача давом этадиган фестивал доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос етти хил палов бир дастурга жамланган. Фестивалнинг асосий мақсади миллий таомларимизни кенг тарғиб қилиш, ҳудудий гастрономик анъаналарни оммалаштириш ва гастрономик туризмга қизиқишни ошириш саналади.

Ўзбекистонда миллий таомларимизни тарғиб қилишга қаратилган "Plov Festivali" бошланди. Фестиваль "Novikov Group & Family Garden" халқаро тармоғига қарашли "Lali" ресторанларида ўтказилмоқда.
28 сентябрдан 18 октябргача давом этадиган фестивал доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос етти хил палов бир дастурга жамланган.
Тошкент, Фарғона водийси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Навоийга хос паловлар меҳмонларга тақдим этилмоқда.

Ҳар бир таом ўз ҳудудининг анъанавий тайёрлаш усули ва маҳсулотлари билан ажралиб туради. Жумладан, Бухоронинг қази ва гўшт солинган "Ош софи", Қашқадарёнинг тўй палови, Самарқанднинг беҳили уй палови ҳамда Навоий вилоятининг анор қўшилган Учқудуқ палови фестиваль менюсидан жой олган.
Тошкент ва Олмаотадаги "Lali" ресторанларида эса меню ҳудудий хусусиятлардан келиб чиқиб бироз фарқ қилади. Бу ерда Бухоронинг "Кобули" ва Андижоннинг қўй гўштидан тайёрланадиган палови ҳам тақдим этилмоқда.

Ташкилотчиларга кўра, фестивалнинг асосий мақсади миллий таомларимизни кенг тарғиб қилиш, ҳудудий гастрономик анъаналарни оммалаштириш ва гастрономик туризмга қизиқишни ошириш.

Маълумот учун, "Plov Festivali" "Lali" ресторанларида иккинчи бор ўтказилмоқда. Илк фестиваль гастрономия орқали миллий маданиятни тарғиб қилгани учун "Эътироф" мукофотига сазовор бўлган.




