Машина ўғирлаган шахслар 5 йилга қамалди
Суд жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади.

Тошкентда машина ўғирлаган шахс 5 йилга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 2024 йил 6 сентябр куни тахминан тунги соат 2 ларда А. ўзининг синфдоши М. билан олдиндан тил бириктириб, йўл четида турган “Матиз Бест” русумли автотранспорт воситасини ўғирлик йўли билан талон торож қилиш мақсадида, автомашинанинг эшигини калит танлаш йўли билан очиб, автотранспорт воситасини олиб қочишган.
Улар мазкур автомашинани 7 сентябр куни соат 20.00. ларда Янгиҳаёт тумани халқа йўлида бошқариб кетаётганларида ЙҲХБ томонидан тўхтатилиб, автомашина белгиланган тартибда олинган ва сақлаш учун Тошкент шаҳар ИИББга жойлаштирилган.
Судда айбдорлар ўз айбига иқрорлик билдирди.
Суд ишни ҳар томонлама синчиклаб кўриб чиқиб, судланувчиларни қилмишини баҳолаб уларни айбдор деб топди. Ҳар иккаласига Жиноят кодексининг 267-моддаси тегишли бандлари билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади.