Фарғонада сифати кафолатланмаган 8 млрд сўмлик дорилар аниқланди
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғонада сифати кафолатланмаган 8 млрд сўмлик дори воситалари ва 400 млн сўмлик тиббиёт жиҳозларининг савдога чиқарилишини олди олинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Фарғона шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Нексия-3” русумли автотранспорт воситаси Боғдод тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилди. Натижада, автомашина салонида 8 турдаги 413 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари борлиги аниқланди.
Шунингдек, Бағдод туманида жойлашган ва мазкур фуқарога тегишли бўлган 2 та омбор кўздан кечирилганда, сифат сертификатига эга бўлмаган жами 60 турдаги 100.332 дона дори воситалари ноқонуний сақланаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Фарғона шаҳрида жойлашган омбордан эса ноқонуний сақланаётган 39 турдаги 16.897 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, дастлабки умумий қиймати жами 8 миллиард 1 миллион 429 минг сўмлик 117.642 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари вақтинча сақловга олинди.
Бу йўналишдаги тадбирлар давом этирилиб, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1992 й.т. фуқарога тегишли 3 та “яширин” омборда Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган, умумий қиймати 400 млн. сўмлик 15 турдаги катетер игна, жгут, электрон термометр, тонометр каби жами 30 минг дона тиббиёт жиҳозлари сақланаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.