platina.uz
Жамият

Аграр университетдаги ёнғин бўйича 3 амалдор судланяпти

Ўтган йили сентябрда университетнинг икки биноси бутунлай ёниб кетган эди.

Аграр университетдаги ёнғин бўйича 3 амалдор судланяпти

Тошкент давлат аграр университетидаги даҳшатли ёнғин иши бўйича 3 амалдор судланяпти. Биринчи суд иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида 21 май куни бошланади.

Жиноят кодексининг 207-модда 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш), 257-модда 2-қисми б-банди (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш), 259-модда 2-қисми б-банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича судланаётганлар:

  • университет бош энергетиги Аҳмад Чориев;
  • ўша пайтдаги биринчи проректор Соҳиб Исломов;
  • проректор Дилшод Мамадиёров.

Қизиқ жиҳати, ўша пайтдаги проректор Соҳиб Исломов шу йил феврал ойида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори ўринбосари лавозимига тайинланган.

Ёнғин ҳақида

30 сентябр куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида йирик ёнғин содир бўлган. Тармоқларда тарқалган видеоларда ёнғин 9 қаватли ўқув биносини қамраб олгани, яқин атрофдаги биноларга ҳам ўтгани акс этган.

Ёнғинни ўчиришга 15 дан ортиқ қутқарув экипажи жалб қилинган. Университет жойлашган кўчада автомобиллар ҳаракати чекланиб, аҳолидан иложи борича бинодан узоқроқ бўлиш сўралган.

Икки соат давом этган ёнғинни ўчириш операциясига ўша пайтдаги фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошевнинг ўзи раҳбарлик қилган.

Ҳудуди 28 гектар майдон бўлган университетдаги 2 та бино бутунлай ёниб кетган, яна иккитасига жиддий шикаст етган. Ёнғин ўқув биноларига жиддий зарар етказган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid