Даҳшатли ёнғин: сабаблар, оқибатлар ва ечимлар

Аграр университетидаги фожиага қуёш панеллари қанчалик сабаб бўла олишини қуйида таҳлил қилиб чиқамиз.

Жамият
4 кун аввал, 20:55
Даҳшатли ёнғин: сабаблар, оқибатлар ва ечимлар
Фото: Газета.uz

30 сентябр кечки пайт Тошкент давлат аграр университети биноларида ёнғин содир бўлди. Ёнғин хавфсизлиги талабларига нега риоя этилмагани, ким айбдорлиги, ёнғинни ўчириш хизматининг қай даражада самарадорлиги ҳақидаги мулоҳазалар кейинги масала. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган бир шубҳали нуқтаи назар ўқувчиларнинг диққатини тортди.

“Aграр университети биноларида кучли ёнғин содир бўлганини кўпчилик ўқигандир. Ёнғин Ўрмон хўжалиги агентлиги биносининг томида бошланиб, кейинги биноларга ўтгани айтилмоқда. Google орқали текшириб қарасам, агентлик ва университет биносининг томларида қуёш панеллари ўрнатилган экан. Aгар бу панеллар хато ўрнатилса, ёнғин келиб чиқиши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистонда ҳамма жойда ишлатиладиган алюкобонд жуда ҳам тез ёнади”, дейилади ушбу постда.

Дарҳақиқат, охирги пайтларда қуёш панелларини ўрнатиш билан боғлиқ можаро тобора газак олиб келаётганди. Ҳар қандай муаммо ёки ташаббусдан пул қилиш иштиёқида юрадиган айрим “соққакаш” амалдорларимизнинг бу можарода қўли борлиги ҳақида шубҳалар пайдо бўлди.

Бир қарашда, қуёш панелларини ўрнатиш айни замон халқаро “тренди”даги масала – экологик барқарорликка путур етказмаслик табиий, аммо қайта тикланмайдиган захираларни йўқ қилмаслик, ҳавога зарарли газлар чиқишининг олдини олиш учун “яшил энергия” усуллари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланиш олқишга сазовор иш. Бу масалага ҳукумат даражасида эътибор берилаётгани ҳам мамнун қилади.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, тадбиркорлар ва аҳоли қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланмаган. Ўзбекистон президентинниг 2023 йил 16 февралдаги "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-57 қарори ҳамда 2024 йил 14 июндаги "Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-222 қарори (бу ҳужжат қонунчилик базасида топилмади) билан аҳоли ва тадбиркорлар томонидан электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларни амалга ошириш, имкони борича қуёш батареялари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатиш кампаниясини кучайтириш назарда тутилган эмиш.

Лекин охирги пайтларда бу талаб ёки тавсиялардан жиғилдон амрига кўра, ўз шахсий бойиши йўлида фойдаланишга интилаётган амалдорлардан шикоятлар ижтимоий тармоқларда кўпайиб кетди. 

Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров қуёш панелларига мажбурлаш яна авжига чиқаётгани, кимда-ким қуёш панеллари ўрнатмаса, электр тармоғидан узиб қўйиш билан қўрқитилаётгани, ҳатто баъзи жойларда бу қўрқитув амалга оширилаётганини хам айтган эди.

Натижада ишлатмаса ҳам, муайян фирмалардан қуёш панеллари сотиб олиниб, муляж сифатида ўрнатиб қўйилаётгани фош бўлган эди.

Бундай хабарлар ортидан Ўзбекистон либерал-демократик партияси депутатлик сўровлари юбормоқчи экани ҳам айтилган.

Партия матбуот хизмати хабарида айтилишича, ҳеч ким тадбиркорни унинг истагига зид ҳолда бирор нарсага мажбурлаши мумкин эмас. "Бундай хатти-ҳаракатлар тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш йўлида давлатимизда қабул қилинган қонунчиликка зид", дея таъкидлаган ЎзЛиДеП.

Партия, шунингдек, парламент сайловига тайёрлаган дастурига шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун давлат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига аралашувини қатъий тақиқлаш чораларини кўриш ҳам киритилганини эслатган.

Қуёш панеллари қанчалик самарадор?

Қуёш панелларини илк марта ўрнатишнинг дастлабки харажатлари сезиларли даражада катта бўлиши мумкин. Ўртача уй учун тизимни ўрнатиш қуввати, ҳудуди ва географик жойлашувига қараб 15 000-25 000 доллар туради. Бироқ бир қатор мамлакатларда мавжуд бўлган субсидиялар ва солиқ имтиёзлари туфайли бу харажатларни анча камайтириш мумкин. Қуёш панелларининг асосий иқтисодий фойдаси энергия учун тўловларни камайтиришдир. Тўғри лойиҳаланган шундай тизим воситасида уй хўжалиги энергия харажатларини 70-100% га камайтириши мумкин.

Қуёш панелларининг кетган харажатларни қоплаш муддати жойлашуви, қуёш нури интенсивлиги ва минтақавий электр энергияси нархларига қараб 5-12 йил бўлади. Таққослаш учун, қуёш панелларининг кўпчилиги 25-30 йил хизмат қилади, бу уларни узоқ муддатли сармояга айлантиради. 

Эҳтимолий хавфлар, шу жумладан, ёнғинлар

Қуёш панелларининг ўзи ёнғин хавфини туғдирмайди, лекин тизим тўғри ўрнатилмаган ёки рисоладагидек хизмат кўрсатилмаса, қаровсиз қолса, ёнғин хавфини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, симлар изоляциясининг бузилиши, сифатсиз материаллар ишлатиш ёки тизимни нотўғри ўрнатиш, шунингдек, қисқа туташув ёки тармоққа ортиқча босим туфайли ёнғинга сабаб бўлиши мумкин.

Қуёш панелларидан келиб чиқадиган ёнғинлар нисбатан кам учрайди, аммо ўрнатиш вақтида барча хавфсизлик чоралари ҳисобга олинмаса, улар ҳалокатли бўлиши мумкин.

Aнъанавий энергия манбаларини тўлиқ алмаштириш масалалари

Кўпгина афзалликларига қарамай, қуёш панеллари кўпчилик уйлар учун, айниқса, қуёш фаоллиги ўзгарувчан ҳудудларда ягона энергия манбаи бўлиши қийин. Барқарор электр таъминотини таъминлаш учун батареялар каби энергия сақлаш тизимларини ўрнатиш керак бўлиши мумкин. Бироқ, технологик ютуқларга қарамай, батарея тизимлари қимматлигича қолмоқда ва даврий алмаштиришни талаб қилади. Яъни қуёш панелларига кетган харажат ўртача 10 йилда қопланади, бироқ 10 йилга бормасдан аккумуляторларни алмаштиришга тўғри келади. Аккумуляторлар эса бутун тизим нархининг тахминан ярмини ташкил этади.

Бундан ташқари, қуёш энергияси етарли бўлмаган шароитларда (масалан, қишда ёки узоқ булутли кунларда) ҳар эҳтимолга одатий электр тармоғи ёки генераторлар каби захира манбалардан воз кечиб бўлмайди.

Панеллар сони ва энергияни қоплаш

Йилига тахминан 10 000 кВт / соат электр энергиясини ишлатадиган ўртача уй хўжалигига тахминан 5-6 кВт қувватга эга тизим керак бўлади, бу уларнинг қуввати ва майдонига қараб 15-20 панелни ўрнатишни талаб қилиши мумкин. Бироқ бу кўрсаткич минтақанинг қуёш фаоллиги ва уй хўжалигининг энергия эҳтиёжларига қараб ўзгаради. Жанубий Калифорния ёки Aвстралия каби қуёшли ҳудудлар камроқ панелларни талаб қилади, шимолий ҳудудларда эса эҳтиёжларни қондириш учун кўпроқ жиҳозлар керак.

Компонентларни алмаштириш ва техник хизмат кўрсатиш

Кўпгина қуёш панелларининг ишлаш муддати 25-30 йилни ташкил қилади, аммо аккумулятор тизимлари ва инверторлар мунтазам алмаштиришни талаб қилади. Батареялар одатда 10-15 йил, инверторлар 10-20 йил хизмат қилади. Шундай экан, тизимнинг ишлаш муддати давомида бир нечта ускунани алмаштириш талаб этилади, бу узоқ муддатли харажатларни баҳолашда эътиборга олиниши лозим.

Самарадорликни пасайтирмаслик учун қуёш панели тизимига техник хизмат кўрсатиш, яъни чанг, қушларнинг ахлати ва қолдиқлари мунтазам тозалаб турилади. Чунки қуёш панели хиралашса, ёруғлик нури ва пировардида ишлаб чиқиладиган электр энергияси ҳам камаяди. Европада қуёш панеллари жуда кўп, уларни тозалаб туриш учун ишчи ёллаш учун каттагина маблағ талаб қилинади. Қаҳратон қиш пайтида томга чиқиб, панелларни қордан ёки ҳиди димоғни ёрадиган қуш ахлатларидан тозалаш осон иш эмас чунки. Бундай тозалаш йилига бир неча марта бўлиши мумкин. Бироқ мунтазам ёғингарчилик кузатиладиган жойларда бунга эҳтиёж камроқ. 

Етти ўлчаб, бир кесмоқ лозим

Умуман олганда, қуёш панеллари углерод чиқиндиларини камайтириш ва анъанавий энергия манбаларига қарамликни камайтириш учун жозибадор ечим. Уларни ўрнатишнинг дастлабки қиймати сезиларли бўлиши мумкин эса-да, улар энергия харажатларини камайтириш орқали бир неча йил ичида харажатларни қоплаши мумкин. Бироқ ҳозирги шароитда бутунлай қуёш энергиясига таяниш қийин ва барқарор энергия таъминотини таъминлаш учун қўшимча энергия манбалари керак. Қолаверса, қулдорлик ёки феодал давлатда эмас, демократик эркин давлатда яшаётганимиз рост бўлса, қуёш панелларини ўрнатишда ҳамма ўз эҳтиёжи, ҳудуди ва бошқа шароитлардан келиб чиқиши, бу жараён мутлақо ихтиёрий бўлиши керак. Шу боис, амалдорларнинг ўз одамлари олиб келган қуёш панелларини сотиш учун аҳолини мажбурлаш халққа ва давлатга қарши чиқишдан бошқа нарса эмас. 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+