"Депутатларнинг қўли қон" – тезлик чегараси оширилишига жамоатчилик қарши чиқмоқда
Парламент, ИИВ, ЙҲХХ ва бошқа масъуллар ҳозиргача бирор муносабат бермади, бу қарорни изоҳламади.

Йўл ҳаракатида белгиланган 5 км/с.лик чегарани 10 км/соатга ошириш ҳақидаги "Миллий тикланиш" партиясидан чиққан "ташаббус" жамоатчиликнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Аммо масъуллар ҳозиргача изоҳ беришни истамаяпти.
Муҳрим Аъзамхўжаев, блогер:
"Аслида маҳалладаги муҳокамага ҳам арзимайдиган қонунни парламент муҳокамасига чиқариш учун, масалан, "Миллий тикланиш" партиясидан сайланган депутатлардан фақат биттаси қарши чиқибди. Раҳмат айтиб қўйса арзийди шу депутатга, чунки у Ўзбекистонда ҳайдовчилар эмас, айнан пиёдалар кўпроқ эканидан хабардор экан.
Эртага, Худо кўрсатмасин, рухсат этилган 10 км тезлик чегарасида кетаётган машина бирор пиёданинг умрига зомин бўлса, мана шу қонунни маъқуллаб қўл кўтарган депутатларнинг виждони қийналармикин? (чунки тезликнинг ҳар бир юқори километри ўлим эҳтимолини шунча оширади).
Ишқилиб, 60 кмлик йўлда 70 тезликда келган машина уриб кетишидан ўлган пиёда шу ярамас қонунни маъқуллашга тайёр депутатларнинг ўзи ё қариндошлари бўлиб қолмасин. Мабодо бўлиб қолса, эсларидан чиқмасин – сизларнинг қўлингиз қонда".
Хушнуд Худойбердиев, блогер:
"Мазмунан шаҳарлар ичида рухсат этилган тезликни 70 км/соатгача кўтариш ҳақидаги қонунни ишлаб чиққанларни лаънатлайман ва қоралайман. Агар таклиф керак бўлса, жарима чегарасида +10 км/соат истисно ўрнатмоқчимисиз? Бемалол, сира қаршилигим йўқ.
Лекин аввал шаҳар марказларида чекланган тезликни 50 км/соат, бошқа аҳоли пунктларида эса 60 км/соат қилиб пасайтиринглар. Ана ундан кейин хоҳланг +10, хоҳланг +15 истисно киритаверинг.
Муаммо нимада? Техник томондан тезликни тўғри ўлчашдами? Унда фақат шу муаммони ҳал қиладиган лойиҳа ишлаб чиқиш керак эди. Лекин ҳозир баҳонада тезликни ошириб олмоқчисизлар. Уялинглар озгина.
Аварияда ҳалок бўлган инсонларни ҳурмат қилмасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса, ҳозир тирик юрган пиёдаларнинг зиғирча ҳурмати йўқми сизлар учун? Кун туғса ҳам, ой туғса ҳам фақат машинани ўйлаб чарчамадингларми?
Мантиқий фикрлай оладиганлар учун: +10 км/соат истисно ҳақидаги қонунга асосий сабаб нимада, биласизми? Бу 66 км/соат тезликда келганлар тўлаётган жарималарнинг кўплигида.
Мана шу ҳайдовчилар атиги 1 км/соат тезроқ келгани учун жарима тўламасин, бу адолатдан эмас, дейиляпти.
Лекин бу алдамчи тасаввур ва бунда манипуляция бор. Аслида 66 да келган ҳайдовчилар рухсат этилган тезликни атиги 1 км/соатга оширгани йўқ. Улар 6 км/соат тезроқ келган! Чунки шаҳар ичида рухсат этилган тезлик – 60 км/соат! Сиз 61 юришга ҳам ҳаққингиз йўқ. Бу қоидаларнинг бузилиши ҳисобланади.
Ҳозир аксарият ҳайдовчилар 63-64 тезликда юришга ўрганиб қолган. 65 дан ошиб кетмаса бўлди, дейишади. Мана шунинг учун ҳам баъзан нишаблик жойларида машина кутганидан тезроқ юриб кетади ва жаримага тушиб қолади. Лекин 63-64 юрганлар онгли равишда қоидани бузмоқда ва улар тўлаётган жарима ҳечам аламли эмас. Чунки ўзлари шу йўлни танлаяпти, ўзлари қоидаларни бузишни одатий ҳолга айлантириб олган.
Ҳали биронта ҳайдовчи 59 да юргани учун радар хато ҳисоблаб, 66+ кўрсатгани ҳақида эшитганим йўқ. Жайдари тилда айтганда, ҳайдовчилар қоидаларга амал қилиб, 60 дан оширмай юришса, тезлик учун жарима тўлаш эҳтимоли 0,001% бўлади. Ким қоидаларни менсимасдан, 65 га тақаб юрса, унда ўзидан кўрсин ва айбни ўзидан қидирсин.
Аслида +5 км/соат истиснони оширишга ҳеч қанақа эҳтиёж йўқ.
Ҳозир +10 км/соат истисно белгилашса, унда ҳайдовчилар онгли равишда 68-69 тезликда юришга ўтади. Буни ҳеч ким назорат қила олмайди. Оммавий равишда шу йўлга ўтиб олишади. Натижада яна кимдир 71 км/соатда келгани учун жарима тўлайди ва яна нолишади, “тезликни бор-йўғи 1 тага оширибман холос, шунга жарима тўлашим адолатданми, ундан кўра 75 қилайлик” дейишади.
75 қилгач эса 76 км/соатда жарима тўлаётганлар нолишни бошлайди. Хуллас, буёғи чексиз кетаверади. Тезликни қанча қилиб белгилашингиз қизиқ эмас, ҳар доим, ҳа, ҲАР ДОИМ атиги 1 км/соат тезроқ келиб жарима тўлайдиганлар чиқаверади.
Наҳотки шунга қонун ташаббускорлари ва уни ёқлаётганларнинг мантиғи етмаяпти?".
Отабек Бакиров, блогер:
"Одамлар ҳақида ҳам қайғуринг: шаҳарларда тезлик 50 км/соатгача пасайтириладими?
Белгиланган тезликдан юқори ҳаракатланганда қўлланиладиган 5 км/соат чегирмани 10 км/соатга ошириш бўйича ўзгартиришлар лойиҳаси парламентга киритилгани албатта хавотирли. Парламентимиз тийиб туриш, соғлом ақл маркази ва диалектика жойи бўлса ҳам майлийди, парламентимизда пиёда юрадиганлар кўпчиликни ташкил этса ҳам майли эди, парламентимизда пиёдалар ва умуман Ўзбекистоннинг турли қарашлари ифодаловчиларнинг вакиллиги бўлса ҳам майли эди. Майли, бу гаплар яшаб турган реалликларимизда бефойда, қолаверса, бетаъсир риторика.
Хўп, хатолик чегарасини ошириш заруриятини техник воситалар (радарлар) ва транспорт воситаларининг спидометрларидаги баъзи "хатоликлар"га боғлашаётган экан, майли, чегирмани 10 км/соатга оширишди дейлик. Спидометр ҳақида қайғураётган мошинсеварлар шуни истабди.
Лекин унда йўллардаги юқори тезлик ва инсон ҳаёти билан боғлиқ "хатолик"ларни ҳам қайтадан кўриб чиқишга тўғри келади. Уёғига қўшдингизми, буёғидан айиринг, маҳаллийлаштирилган "Малибу"минар жаноблар. Одамлар ҳақида ҳам қайғуринг. Келинглар, барча шаҳарларда тезликни 60 км/соатдан 50 км/соатгача пасайтиришни ҳам баб-баравар кун тартибига олиб чиқинглар, муҳокама қилинглар.
Шунда адолатдан бўлади".
Индалло канали:
"Вақтини асосан машина ичида ўтказадиган депутатларимиз йўллардаги тезлик чегарасини 10 км/соатга оширишмоқчи. Яъни 60 км/с тезлик бор жойда 70 км/с.гача радарга тушмасин демоқчи. Ҳозир бу 65 км/с.
Уларнинг умри шу машина ва битта бинода ўтади. Ташқарига чиқмайди, халқ ичига кирмайди. Ҳар 5 йилда бир қуруқ ваъда бериб қўйса бўлди.
Тўғри, депутатлар учун кўп эшиклар ёпиқ, бошқа иложи ҳам йўқ. Лекин ижтимоий, халқ манфаатига хизмат қилувчи лойиҳаларда қаршилик қилса, қўл кўтариб, йўқ деса, Президент администрацияси, ДХХ, ИИВ ё бошқа тузилмаларимиз отиб ташламайди.
Уларнинг йўллар билан ҳам, пиёдалар билан ҳам, ҳайдовчилар билан ҳам иши йўқ. Уларнинг ўйлари давлат сиёсати даражасида.
Фақат бунинг учун депутатларимизга сал дов (дух) керак холос.
Аммо сенаторларимиз яна бир марта очко ишлаб олиши учун замин ҳозирланяпти. Эсингизда бўлса, ЙПХ ходимларини суратга олиш ҳуқуқини сақлаб қолиш жамоатчилик жунбушга келгач, Сенатдан қайтарилган эди.
Парламентдаги хумкаллалар (яъни бошини хумга тиқиб олгандек) ҳали-вери ишончимиз ва умидларимизни оқламаса керак".
Ушбу ҳолатни ёқлаб чиққан амалдорлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Расул Кушербаев, Экология вазири маслаҳатчиси:
"Йўл ҳаракатида янги енгиллик: тезлик бўйича чегирма 10 км/соатга оширилиши мумкин
Парламент фракциялари ҳайдовчилар учун муҳим бўлган янги қонун таклифини маъқуллади. Унга кўра, йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган тезлик меъёрига нисбатан ҳозирги 5 км/соатлик чегирма 10 км/соатгача оширилиши мумкин.
Бу янгилик кўплаб ҳайдовчилар томонидан кутилган эди. Амалдаги тартибда, агар ҳайдовчи белгиланган тезликдан 5 км/соатгача ошиб кетса, жарима солинмайди. Янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, бу чегирма 10 км/соатгача кенгайтирилади ва натижада йўлда тасодифий, техник сабаблар билан содир бўладиган кичик тезлик ошиб кетишлари учун ҳайдовчилар жазоланмайди".
Мавзуга доир: Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғига очиқ хат!