platina.uz
Жамият

Боғча ва мактаблар олдига 30 тезликка радар қўйилади

Platina.uz йўлдаги бебошликлар ва бевақт ўлимлар мавзусини кўтариб, ЙҲХХ раҳбарига очиқ хат ёзганди.

Боғча ва мактаблар олдига 30 тезликка радар қўйилади

Ички ишлар вазирлиги 2025 йил 1 сентябрга қадар жойлардаги ўрганишлар асосида йўллар бўйида жойлашган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофида соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланиш мумкинлигини кўрсатувчи йўл белгилари ва бунга қатъий риоя этишни таъминловчи махсус техника воситаларини ўрнатиш бўйича барча зарур чоралар кўради.

Бош вазир Абдулла Арипов 2025 йил 15 май куни “Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Аммо мактаб ва боғча атрофидаги йўлларда белгиланган тезлик чегарасини дам олиш кунлари, таътил даврлари ва 19:00 дан 07:00 вақт оралиғида ушбу аҳоли пункти учун рухсат этилган умумий тезлик чегарасигача ошириб ҳаракатланишга рухсат берилади.

ИИВ икки ой муддатда йўл ҳаракати қоидаларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

6 ой муддатда Транспорт вазирлиги билан биргаликда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориш ҳолатлари кўплаб кузатилаётган ҳудудларда транспорт воситасининг жорий тезлигини кўрсатувчи огоҳлантирувчи электрон таблолар ўрнатилади. Бу амалиёт кейинчалик ҳар йил якуни бўйича тасдиқланадиган дастурга кўра бошқа ҳудудларда амалга оширилади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатларни махсус техника воситалари орқали қайд этиш соҳасида қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши таъминланади.

Шунингдек. Транспорт, Рақамли технологиялар вазирликлари, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, “Киберхавфсизлик маркази” ДУК ва маҳаллий ҳокимият органлари, бошқа масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда комиссия тузган ҳолда 2025 йил якунига қадар чорраҳа ва йўллардаги барча махсус техника воситалари уларнинг мақсадга мувофиқ ўрнатилгани ва белгиланган талабларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан тўлиқ хатловдан ўтказилади.

Хатлов натижалари бўйича ўзбошимчалик билан ёки белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда ўрнатилган, техник ва стандарт талабларга жавоб бермайдиган, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадига эришишга кўмаклашмайдиган махсус техника воситалари демонтаж қилинади.

Яна бир хабар, энди туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида йўл инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари ташкил этилиб, уларнинг маблағлари фақат йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли сарфланиши айтилган.

Эслатиб ўтиш керак, ушбу қарор имзоланишидан салкам бир ой олдин Platina.uz ушбу оғриқли масалани кўтариб, айтарли ечим бермаётган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғига очиқ хат ёзганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid