Жиззахда пиёдалар ўтиш жойи панжара билан тўсиб қўйилди
ЙҲХБ бу ҳолатни оқлаб, "ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш" билан изоҳлаб чиқди.

Жиззахда автомобил қатнов қисмидаги пиёдалар ўтиш жойи панжара билан тўсиб қўйилди. Бу ҳолат жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Тарқалган суратда бир фуқаро пиёдалар ўтиш жойига тўсиқ қилиб қўйилган панжара остидан ўтаётганини кўриш мумкин.
Жиззах вилояти ЙҲХБ эса ушбу ҳолатни оқлаб, "ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш" мақсадида деб изоҳлади. Муносабатда айтилишича, пиёдалар учун махсус ерости йўли қуриб қўйилган.
Мазкур вазиятга блогерлар муносабат билдириб, кескин қоралаб чиққан. Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Ички ишлар вазирлиги учун 20 қаватли муҳташам бино қуришни, фақат уни ерусти эмас, ерости, яъни -20 қават қилишни таклиф этган.
Бошқа бир ҳолатда "Инсон қадри эмас, темир-терсак (машина, панжара ва ҳоказо) қадри ошиб бораётган юрт", деб изоҳлашган.
Мавзуга доир: Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғига очиқ хат!