Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғига очиқ хат!
ЙҲХХ неча йиллардан бери йўллардаги автотеррорчиларга қарши курашда тизимли ва самарали иш кўрсатмаяпти, фақат қурбонлар ортяпти холос.

Ҳурматли Шерзод Шокирович!
Сиз Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига бошлиқ бўлиб келганингизга яқинда бир йил тўлади. Тўғри, салкам бир йиллик муддатда бирор нимани ўзгартириш ё ислоҳот қилиш қийиндек кўриниши мумкин. Аммо ҳозирча бунга ҳаракат ҳам сезилмаяпти.
Ўзбекистоннинг энг оғриқли нуқталаридан бири – йўлларда одамларнинг ўлиб кетиши. Автотеррорчилар шу қадар кўпки, қурбонлар ҳам шунга яраша. Кўп бор ўхшатиш қилинган бўлса-да, яна такрорлаймиз: тинч юртда ҳар йили минглаб одамларнинг шунчаки машина тагида ҳалок бўлиши бу катта фожиа ва ниҳоятда абсурд.
Рақамларга юзланайлик. 2024 йилда жами 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган. Бу кўрсаткич 2023 йилда 9839 та, 2022 йилда 9902 тани, 2021 йилда 10001 тани ташкил этган.
Шу 9364 та йўл-транспорт ҳодисасида 8901 фуқаро жароҳатланган ва 2203 фуқаро ҳалок бўлган. ЙТҲларнинг 47,1 фоизи ҳайдовчилар томонидан пиёдага йўл бермаслик, 3,7 фоизи ухлаб қолиш, 22,8 фоизи белгиланган тезликка ва 3,6 фоизи светофорга амал қилмаслик оқибатида содир бўлган.
Ушбу рақамлар орасида болалар бўйича статистика очиқланмаган. Масалан, 2023 йилда болалар иштирокида 1794 та ЙТҲ содир бўлган. Уларда 1568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафари ҳалок бўлганди.
Жами ЙТҲнинг энг катта қисми пиёдаларга йўл бермаслик бўлиб қолмоқда – 47,1 фоиз. Бу эса инсон қадри улуғланиши керак бўлган тинч юртда тизим ишламаётганини исботлайди.
Дарвоқе, кўплаб ЙТҲлар жамоатчиликдан яширилади. Қачонки ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетса, кейин эътибор берилиб, кейин чора кўрилади, жиноий иш очилади ва ҳоказо.
Бунга Самарқанддаги фожиани мисол қилиш мумкин. Ҳайдовчи ўн чоғли пиёдани пиёдалар ўтиш жойида "ўриб" кетган. 3 боланинг онаси ҳалок бўлган. Бу воқеа 11 апрелда рўй берган, аммо жамоатчилик 24 апрелда хабар топган. 25 апрел куни Самарқанд вилояти ИИБ жиноий иш очилганини айтган. Деярли 2 ҳафта давомида ИИБнинг кўзи қаерда бўлган? Ими-жимида бостириб юборишмоқчи эдими ёки? Биз билмай қолаётган яна қанча шундай ЙТҲлар бор?
Ботқоқдан чиқолмаётган ўзбек киноси
БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 1,3 млн нафардан ортиқ инсон ЙТҲдан ҳалок бўлади. Бу ҳар 24 сонияда бир одам деганидир. 20-50 млн.гача одамлар турли даражада жароҳатланади. ЖССТ хавотирига кўра, болалар ўлимида ЙТҲларнинг улуши катталигича қолмоқда. Қурбонларнинг 50 фоизини пиёдалар, мото ва велосипедчилар ташқил қилади.
Ҳурматли Шерзод Шокирович!
Ўзбекистонда ЙТҲларнинг олдини олиш бўйича кескин чоралар қўлланилиши, жазолар шафқатсиз бўлиши кераклигини ўзингиз ҳам яхши тушунасиз. Масалан, Наманган шаҳар ҳокими радарларни олиб ташлашни сўраганида вилоят ЙҲХБ яхшигина дакки ва сабоқ берган.
ЙТҲларнинг олдини олишда яхши қадамлар ташланяпти, аммо ҳамон чала. Жарима баллари яхши натижа бериши мумкин, агар инсон омили аралашмаса. Тўғри, жарима баллари ҳақидаги маълумотлар тўғридан-тўғри маълумотлар базасига тушишини айтгансизлар.
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Баллар ҳозирча ЙПХ инспекторлари томонидан белгиланади. Демак, инсон омили бор, чунки ўша маълумотлар базасига ҳайдовчи жарима олганини айнан шу инспектор юборади. Демак, у юбормаслиги учун келишиш мумкин. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, очиқликни таъминлаган ҳолда тизимда порахўр ходимлар борлиги ҳақида ўзларингиз ҳам маълумот бериб борасиз. Ҳукумат қарори тасдиқланишидан олдин мана шу жиҳатни яна бир ўйлаб кўрасиз, деган умиддамиз.
Президент фармони ижроси таъминланмаяпти: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамон бюрократия домида.
Сабаби, тизимда қоғозбозлик ва инсон омили ҳамон кучда қолаётган ҳолатлар мавжуд. Биз бу ҳақда олдин батафсил мақола ёзганмиз. Бу бўйича матбуот хизматингиз билан боғланиб, воқеа жойида ўрганиш олиб боришни таклиф қилганмиз. Аммо улар ҳамон жим, фуқаролар эса президент аллақачон бекор қилиб юборган бюрократиядан жабр чекмоқда.
Ҳурматли Шерзод Шокирович!
Яна бир муҳим масала – йўллардаги радарлар ва уларнинг тўғри ўрнатилиши. Тадбиркорларга имкон берилгани – фақат радар "кўзи" тушадиган 2 метр жойга чизиқ тортиб чиқиш дегани эмас. Бу ҳолатларни сизлар назоратга олишингиз ва барчасини бошқатдан хатлов қилиб, янгитдан чиздириб, ўрнатиб чиқишингиз керак. Радар ўрнатишда шу талабни қўйиш зарур!
Биз бехабармиз, дейишга шошилманг. Бундай чала чизиқларни Тошкентнинг жуда кўп жойидан осонгина топиш мумкин. Вилоятларни-ку айтмай қўя қолайлик. Балиқ бошидан сасийди деган мақол шу ерга тўғри келади: яъни сизлар қоидани четлаб ўтиб, фақат чизиқ бор жойда амал қилишга йўл очиб беряпсизми, демак, ҳайдовчилардан яна нима кутиш мумкин? Улар радар ё ЙПХ ходими бор жойда қоидага амал қилиб, бошқа вақт истаганча юриши мумкинлигини ҳамон кўриб турибмиз.
Шундай экан, аввал йўлларни созлаб, радарларни тўғрилаб олиш лозим. Бунда ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ишлайсиз, албатта.
Ҳурматли Шерзод Шокирович!
Биз ушбу очиқ хатни сизни ё айнан кимнидир ёмон кўрсатиш учун ёзмадик. Аниқ муаммоларга ечимлар кераклигини айтдик холос. Сизларга бошқачасига таъсир қилиб бўлмаяпти. Аксинча, бу мақоладан кейин муаммоларни ҳал қилишга киришсангиз, сизни беғараз пиар қилишда ўзимиз олдинги сафда турамиз.
Умид қиламизки, матбуот хизматингиз бу очиқ хатга ярим энлик муносабат бериб, қутулмайди, муаммолар беэътибор қолиб кетмайди.
Бобур Жалолов,
Platina.uz сайти бош муҳаррири