Наманган вилояти "ГАИ" шаҳар ҳокимига жарималарни тўлаш кераклигини эслатди
Аввалроқ шаҳар ҳокими вилоят ЙҲХБдан "ноқонуний" радарлардан жарималарни ўчиришни сўраб, хат ёзган эди.

Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Наманган шаҳар ва яна бир қатор туман ҳокимликларига тегишли машиналар қайд этган қоидабузарликлар ва улардан тушган жарималарни ундиришда ёрдам сўраб хат ёзган.
Бу хат Наманган шаҳар ҳокимининг радарлардан жарималарни ўчириб, фақат хавфсизлик мақсадида фойдаланиш кераклиги ҳақидаги хатига жавоб ўлароқ ёзилган.
Аслида нима бўлган?
Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев 12 апрел куни Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиевга хат ёзиб, ҳудуддаги қоидага зид ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраган. Хатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган камераларнинг “жарима ёзиши” норозилик кайфияти ортишига сабаб бўлаётгани кўрсатилган.


Шунингдек, бино-иншоотларнинг том қисмлари, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ёритиш таянчларига белгиланган меъёрларга зид равишда ўрнатилган фоторадарлар томонидан жарималарнинг қўлланиши оқибатида шаҳар фуқароларига моддий ва маънавий зарар келтираётгани ҳам билдирилган.
Ҳоким ўз хатида Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманларида Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид равишда ўрнатилган камераларни КААТ тизимидан ўчириш ҳамда улар томонидан қайд этилган қоидабузарликларга жарималар қўллаш ишларини тўхтатишни сўраган. Радарлардан фақат хавфсизлик мақсадида фойдаланиш кераклигини эслатган.
Ўз навбатида вилоят ЙҲХБ ҳам 22 апрелда жавоб хати ёзган. Унда Наманган шаҳридаги 3 та чорраҳа ва 5 та тўғри йўл участкасига тадбиркорлар, 6 та чорраҳа ва 5 та тўғри йўл участкасига вилоят ҳокимлиги томонидан радарлар ўрнатилгани кўрсатилган.


Ушбу қурилмалар инсон хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтиришга хизмат қилаётгани билдирилган.
Шунингдек, ЙҲХБ хатида айтилишича, шаҳар ҳокимлигига тегишли "Каптива" машинаси ўтган ва жорий йилда 47 та қоидабузарлик содир этган, 11 та ҳолатда салкам 8,2 млн сўм муддати ўтган жаримаси борлиги эслатилган. Ҳокимликнинг бошқа машиналари эса жами 41 та қоидабузарлик бўйича 18,7 млн сўмдан ортиқ жарималарни тўламаган.
Давлатобод ва Янги Наманган тумани ҳокимликларига тегишли автоуловлар жами 46 та қоидабузарлик учун 16,3 млн сўмдан зиёд жарималарни тўламай келаётгани ёзилган.
Вилоят ЙҲХБ ўз хатида ушбу сурункали қоидабузарликларни ҳокимият йиғилишида танқидий кўриб чиқиб, жарималарни тўлашда амалий ёрдам беришни сўраган.