АҚШ ва Хитой савдо урушини вақтинча тўхтатмоқда
Ҳозирги вақтда АҚШнинг Хитой импортига божлари 145 фоиз, Хитойнинг эса АҚШ товарларига божлари 125 фоизни ташкил қилади.

АҚШ ва Хитой савдо урушини уч ойга тўхтатишга ва товарларга ўзаро тарифларни камайтиришга келишиб олди.
Оқ уй веб-сайтида эълон қилинган АҚШ ва Хитой ҳукуматларининг қўшма баёнотига кўра, томонлар "барқарор, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли иқтисодий ва савдо алоқалари муҳимлигини" тан олди.
Шу боис, 14 майдан бошлаб улар импорт божларини ошириш бўйича буйруқларни 90 кунга тўхтатиб туришга келишиб олдилар.
Ҳозирги вақтда АҚШнинг Хитой импортига божлари 145%, Хитойнинг эса АҚШ товарларига божлари 125% ни ташкил қилади. Томонлар ўзаро тўловларни 24 фоизга ошириш тўғрисидаги қарорлар ижросини тўхтатиб, базавий тарифни 10 фоиз даражасида сақлаб қолишга келишиб олдилар.
“Юқоридаги ҳаракатлар амалга оширилгандан сўнг томонлар иқтисодий-савдо муносабатлари бўйича муҳокамаларни давом эттириш механизмини ўрнатадилар”, — дейилади қўшма баёнотда.
Reuters агентлигининг таъкидлашича, АҚШнинг Хитой товарларига божлари вақтинча 30%, Хитойнинг эса АҚШ импортига божлари 10% бўлади.
Савдо келишуви жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликни камайтиришга ёрдам берди ва жаҳон бозорларида акциялар кўтарила бошлади, деб ёзади The Telegraph. Нефт нархи аллақачон кўтарилган ва доллар мустаҳкамланмоқда.