Самарқандда газ чақнаган уйдан олти кишининг жасади топилди
Чақнаш натижасида ҳосил бўлган кинетик зарбадан уйнинг темир-бетон конструкциялари қулаган, учта қават ва ертўла қисми зарарланган.

Самарқандда газ чақнаши оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ФВБ хабар берди.
Жорий йилнинг 8 май кунидан 9 май кунига ўтар кечаси Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳар, “Боғисарой” МФЙ, Спитамен кўчасида жойлашган уйларнинг бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлганлиги тўғрисида ФВБга хабар қилинган.
Шунга кўра, ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб бориб, бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этишга киришган.
Чақнаш натижасида ҳосил бўлган кинетик зарбадан уйнинг темир-бетон конструкциялари қулаши оқибатида, 1,2,3-чи қаватлари ва ертўла қисми зарарланган. Ёнғин содир бўлмаган.
Олиб борилган ҳаракатлар натижасида вайроналар остидан 6 нафар фуқаронинг жасади топилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳи раҳбарлигида Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғи, Прокуратура, ИИБ, ССБ, МГ, “Ҳудудгазтаъминот” ва тегишли ФВДТ хизматларидан тезкор – Штаб тузилиб, вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунга 10 та асосий ва махсус ёнғин-қутқарув техникалар ва ФВДТнинг куч, воситалари жалб этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.