platina.uz

Ўзбекистон Россиядан муҳожирлар ҳуқуқларини таъминлашни сўради

ТИВда Россия элчиси билан учрашув ўтказилди. Унда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муомала ҳолатлари ҳақидаги кўпайиб бораётганига эътибор қаратилди. 

Жамият
Кеча, 15:10
Ўзбекистон Россиядан муҳожирлар ҳуқуқларини таъминлашни сўради

2025 йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов Россиянинг мамлакатимиздаги элчиси Олег Малгинов билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг устувор йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Томонлар кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида олий ва юқори даражадаги бўлажак тадбирлар жадвалини келишиб олдилар.

Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича ҳамкорлик юқори даражада эканини таъкидладилар: ҳар йили консуллик масалалари юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, миграция соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган: Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишлаш учун ташкилий жалб этиш масалаларини тартибга солиш юзасидан икки томонлама ишчи гуруҳ ҳар ой мунтазам йиғилишлар ўтказмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, консуллик хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга, шунингдек меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Буларга фуқароларнинг жўнаб кетишидан олдинги тил ва касбий тайёргарлик, рухсат бериш тартиб-таомилларининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга ошириш ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш каби масалалар киради.

Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Россия томонининг эътиборини Россия Федерациясида Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муомала ҳолатлари ҳақидаги кўпайиб бораётган хабарларга қаратди.

Бундай ҳолатлар Россия ҳудудида меҳнат фаолияти олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш ҳисобланиши, бу ҳуқуқ ва эркинликлар эса яшаб турган мамлакат қонунчилиги асосида таъминланиши лозимлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан, кўтарилган масалани синчковлик билан ўрганиш ва Ўзбекистон томонининг хавотирларини Россия Федерациясининг тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг икки мамлакат ҳудудидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ўзаро таъминлаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+