$40 минг пора билан қўлга тушган прокурор ҳамон қидирувда
Platina.uz 2024 йилда прокуратура томонидан очилган даҳшатли ва хавфли жиноий ишларнинг ҳозирги тақдири қандай экани билан қизиқди.

2024 йил давомида турли даражадаги жиноий ишлар доирасида прокуратура органлари турли ишларни қўзғатган. Хўш, уларнинг кейинги тақдири қандай якун топган?
Platina.uz жамоаси ана шу воқеаларнинг энг даҳшатлилари, оғирлари ва хавфлиларини тўплади. Бу борада Бош прокуратура матбуот хизмати катта ёрдам берди.
1. 2024 йил 31 январ куни Китоб тумани Бирлик МФЙда яшовчи Т.Р. онаси О.Р. номида бўлган Дамас автомашинасини ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамисиз Ҳамид Олимжон МФЙ ҳудудидан бошқариб келиб, чорраҳадан ўнг томонга бурилганда йўлнинг ўртасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сафдор Н.Мусиновни уриб юборган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-(Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш)моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.
ЖИБ Шаҳрисабз тумани судининг 2025 йил 19 мартдаги ҳукми билан Т.Р. Жиноят кодекси 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
2. 2024 йил 18 март куни соат 10:30лар атрофида Бухоро вилояти Когон туманидаги чорраҳада 1991 йилда туғилган ҳайдовчи О.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи М.М. бошқарувида бўлган юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
ЙТҲ натижасида бир нафар автобус йўловчиси оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. Шунингдек, бир нафар йўловчи тан жароҳати олган бўлиб, 25 нафар йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодиса юзасидан Бухоро вилояти ички ишлар тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда айрим мансабдор шахслар мактаб болаларини автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганликлари аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. ЖИБ Когон тумани судининг 2024 йил 19 сентябрдаги ҳукми билан М.Ҳайдарова, Д.Юсупова ҳамда А.Авезова айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 28,207-моддаси 3-қисми “а” банди билан 1 йил 6 ой муддатга мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
3. 2024 йил 27 март куни Бекобод туманида 28 ёшли аёл 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган. Ҳолат юзасидан Бекобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат бўйича Бекобод тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.
ЖИБ Бекобод тумани судининг 2024 йил 13 августдаги ҳукмига асосан, аёлнинг эри Д.Ҳамраев Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
4. 2024 йил апрел ойида Кураш федерацияси Шаҳрисабз тумани ижрочи директори лавозимида ишлаган Тўра Авлоқуловнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тўра Авлоқуловнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.
ЖИБ Шаҳрисабз тумани судининг 2024 йил 5 сентябрдаги ажримига кўра, У.Шоймардонов Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми ва 97-моддаси 2-қисми “в,д,и,л” бандларида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмишни содир этган деб топилиб, Тошкент республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий тартибда даволанишга топширилган.
У.Шоймардоновга оид Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми ва 97-моддаси 2-қисми “в,д,и,л” бандлари билан жиноят иши у соғайгунга қадар иш юритувдан тўхтатилган.
5. 2024 йил 14 апрел куни Янгиҳаёт тумани ИИБ ХПБ профилактика инспекторлари бир хонадонда жанжал бўлаётгани ҳақидаги хабарга аниқлик киритиш мақсадида етиб келишган. Шу пайт, хонадон эгаси маст ҳолда хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиб, профилактика инспекторларининг бирига пичоқ билан бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105 (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳолат бўйича Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. ЖИБ Янгиҳаёт тумани судининг 2024 йил 20 июндаги ҳукми билан А.Хаитов Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ва 226-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
6. 2024 йил 9 май куни Бўстонлиқ туманида хизмат вазифасини бажараётган кадастр ходимига қаршилик кўрсатган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳолат бўйича Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. ЖИБ Бўстонлиқ тумани суднинг 2024 йил 25 июлдаги ҳукми билан М.Исламов ва З.Дехқонов Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
7. 2024 йил 13 май куни Чилонзор туманида BYD автомашина ҳайдовчиси ЙПХ инспекторини уриб юборган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 266-(Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳолат бўйича Чилонзор тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. ЖИБ Чилонзор тумани суднинг 2024 йил 12 сентябрдаги ҳукми билан О.Абдуҳалилов Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
8. 2024 йил 24 май куни Марғилон шаҳрида содир бўлган пичоқбозлик юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳолат бўйича Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. ЖИБ Марғилон шаҳар суднинг 2024 йил 16 сентябрдаги ҳукми билан О.Соибжоновга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
9. 2024 йил 9 июл куни Қашқадарёда ўз хизмат вазифасини бажарган ИИБ ЙҲХБ ходимини қасддан ўлдирган автомашина ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш) ва 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. ЖИБ Чироқчи тумани судининг 2024 йил 13 декабрдаги ҳукмига кўра, судланувчи Б.Сарманов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “г,л” бандлари ва 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил ўташ учун 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
10. 2024 йил 9 июл куни “Кўприк қурилиш” МЧЖга қарашли темир цехига кириш дарвозаси чап томони иссиқ сув қувури ёрилиб, VEOLIA ENERGY TASHKENT ХК МЧЖ буюртмасига асосан KOMMUNALCHI ISSIQLIK QUVVATI TA’MIR МЧЖ ходимлари томонидан кавланиб, очиқ ҳолатда қолдирилган ва атрофида хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилмаган. Иссиқ сув билан ярим тўлган қудуқ ичида 6 ёшли А.Абдуллаевнинг мурдаси топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
ЖИБ Учтепа тумани судининг 2024 йил 15 октябрдаги ҳукмига асосан, МЧЖ директори А.Усманов Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми “а” банди билан назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб, ушбу кодекснинг 45-моддасига асосан 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўлланилиб, иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жабрланувчининг қонуний вакили А.Абдуллаевнинг судланувчи А.Усмановга нисбатан моддий даъвоси йўқлиги инобатга олинган.
11. 2024 йил 11 июл куни Яшнобод туманида 30 ёшли эркак 3 яшар болани қасддан ўлдирган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.
ЖИБ Мирзо Улуғбек тумани суднинг 2024 йил 29 ноябрдаги ҳукми билан С.Мукимов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в, ж” бандлари, 25, 97-моддаси 2-қисми “б, г, ж, р,” бандлари, 219-моддаси 2-қисми, эски таҳрирдаги Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 24 йил муддатга узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
12. 2024 йил 26 июл куни соат 06:19 ларда Янгийўл тумани Нурафшон кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарга асосан Янгийўл тумани ФВБ ёнғин қутқарув қисми ўт ўчирувчилари воқеа жойига етиб борган ва келиб чиққан ёнғин бартараф этилган.
Хонадонни кўздан кечириш давомида 1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган болалар, 2018 йилда туғилган қизнинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган. Маълум қилинишича, вафот этганлар эр-хотин ва уларнинг 2 нафар фарзанди, 1 нафар қиз жияни бўлган.
Ушбу ҳолат билан боғлиқ жиноят иши биринчи инстанцияда ёпиқ тартибда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган. Аммо жазо очиқланмаган.
13. 2024 йил октябр ойида эрта тонгда Қўшработ туманининг Мустақиллик маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг хонадонларидан бирида портлаш содир бўлган. Оқибатда эр-хотин ва уларнинг ўғли ва қизи вафот этган.
Ҳолат бўйича Қўшработ тумани газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207 ва 259-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. ЖИБ Қўшработ тумани судининг 2025 йил 3 мартдаги ҳукмига асосан, А.Эгамкулов Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди, 208-моддаси билан айбли деб топилиб, унга 59-моддаси 2-қисми тартибида 2 йил муддатга Қўшработ туман ҳудудгаз тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Пичот маҳалласидаги яшаш уйини у ёки бу сабаб билан тарк этиши бутунлай чекланган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
14. 2024 йил 7 октябрда Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда фуқаро И.Х.нинг аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилган. Муаллиф аризасида Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси Ш.Ш. томонидан “B.H.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан бўлган жиноят ишини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиш учун пул маблағлари талаб қилгани айтилган.
Ушбу ариза асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.Ш. ариза муаллифидан келишилган 40 минг АҚШ долларини олиб, жиноий таъқибдан қутулиш мақсадида номаълум томонга яширинган (40 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган).
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Ш.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Ўтган йилдаги жамоатчиликка маълум бўлган ва кўплаб муҳокамаларга олиб келган айрим жиноий ишларнинг тақдирлари шундай. Кўриб турганингиздек, айбдорлар тегишлича жазоларини олган.