Бош прокуратура бошқарма катта прокурори ҳамда туман терговчиси фирибгарлик ва порахўрликда айбланмоқда
Бош прокуратура ҳозирда мазкур ходимларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Э.А. ҳамда Учтепа тумани прокуратураси терговчиси А.Д.ларнинг жиноий қилмишлари фош этилиб, уларга нисбатан жорий йил 6 май куни Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши бўйича гумонланувчилар процессуал тартибда ушланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди", дейилади хабарда.
Бош прокуратура эса прокуратура органларида коррупцияга қарши курашиш, тизимни нопок ходимларидан тозалаш борасида барча зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.