Италия бош вазири Ўзбекистонга келади
27 апрел куни эса Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида "Италия-Марказий Осиё саммити" бўлиб ўтади.

Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюради.
Италия Бош вазири Жоржа Мелони 2025 йил 26–27 апрел кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга расмий ташриф буюради.
26 апрел куни у Самарқанд шаҳрига ташриф буюриши, 27 апрел куни эса Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё саммитида иштирок этиши режалаштирилган.
Мазкур саммитдан кўзланган асосий мақсад — Италиянинг Марказий Осиё давлатлари: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Бундан ташқари, саммит доирасида энергетика, инфратузилма, рақамли боғлиқлик ва хавфсизлик соҳаларини ривожлантириш ҳамда таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.
Саммит аввалги дипломатик алоқалар негизида ташкил этилган. Жумладан, 2024 йил май ойида Рим шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Италия – Марказий Осиё ҳукуматлараро конференциясида сув ресурслари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ташаббуслар ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳим мавзу сифатида муҳокама қилинган эди.
Ушбу ташриф орқали Италиянинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиши ва ривожланиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Жоржа Мелони Италия тарихида Вазирлар Кенгаши Президенти бўлган биринчи аёл ҳисобланади. У 2022 йил 22 октабрдан буён ушбу лавозимда фаолият юритмоқда. Бунгача эса у Ёшлар ишлари вазирлиги раҳбари сифатида фаолият олиб борган.