platina.uz

Хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинди

Уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник тартибга солиш ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Президент фармони эълон қилинди.  

Жамият
2 кун аввал, 10:37
Хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинди

Ички бозорда рақобат муҳити ривожлантирилади.

“Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони (ПФ-67-сон, 18.04.2025 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасида қуйидагилар белгиланди, жумладан:

-олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича Генерал келишув (GATT) ва 1994 йилдаги мазкур келишувнинг VII-моддасини қўллаш тўғрисидаги Келишувда белгиланган умумий тамойил ва қоидаларга тўлиқ мувофиқ келтирилади;

-товарларнинг божхона қийматини аниқлашда имтиёзлар ёки махсус божхона расмийлаштируви тартиблари, жумладан, муайян аниқлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларга мувофиқлик тўғрисидаги декларация расмийлаштириш тартиби жорий этилади.

2025 йил 1 майдан бошлаб мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади ҳамда уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник тартибга солиш ахборот тизими (ТРИС) орқали амалга оширилади.

Фармонга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати бўйича ваколатли орган вазифалари Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан амалга оширилади. Бунда:

-2025 йил 1 августдан озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади ҳамда Қўмита томонидан ишлаб чиқилган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари дахлдор вазирлик ва идоралар билан келишилгандан сўнг тўғридан-тўғри амал қилади.

Санитар, фитосанитар ва ветеринария назорати соҳасидаги қуйидаги тартиб-таомилларга мажбурий амал қилиш 2025 йил якунигача талаб қилинмайди, жумладан:

-маҳаллий ва импорт озиқ-овқат маҳсулотлари учун санитария ва эпидемиология хизматларининг лабораториялари натижаларига асосан санитария-эпидемиологик хулоса олиш орқали сертификатлаш;

-барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, болалар овқатлари, терапевтик ва профилактик овқатланиш учун парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик фаол озиқ-овқат қўшимчалари ва янги рецептлар ёки янги технология асосида яратилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун барча техник ҳужжатларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиш ва тасдиқлаш;

-ўсимлик маҳсулотлари, мато, ипак, чарм, ўйинчоқлар, спорт инвентари ва бошқалар учун ветеринария сертификатини олиш.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+