platina.uz
Жамият

Сертификат имтиҳонларига ҳудудий чеклов қўйиладими?

Ижтимоий тармоқларда сертификат имтиҳонларига ҳудудлар кесимида лимит жорий этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Билимни баҳолаш агентлигига кўра, 2026 йилнинг иккинчи ярми учун ҳудудлар кесимида 496 303 та ўтириш ўрни белгиланган. “Ҳудудлар кесимида ўтириш ўринларини белгилаш - талабгорларнинг имтиҳонда иштирок этишини чеклаш мақсадини кўзламайди”- дейди агентлик.  

Сертификат имтиҳонларига ҳудудий чеклов қўйиладими?

Сертификат имтиҳонлари учун рўйхатдан ўтишда белгиланган лимитлар юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Билимни баҳолаш агентлигининг қайд этишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарори билан “Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Шунга биноан, тест синовларини ўтказиш жойи, ҳудудлар кесимида ўтириш ўринлари сони ҳисобланган.

Унга кўра, 2026 йилнинг сентябрига 125 753 та, октябрга 129 535 та, ноябрга 112 335 та ҳамда декабр ойига 128 680 та ўрин мавжуд. Бу жами 496 минг 303 нафар талабгор сертификат имтиҳонларида қатнаша олади дегани. Муносабатда ўтириш ўринлари сонининг ҳудудлар бўйича тақсимоти очиқланмаган.

“Ҳудудлар кесимида ўтириш ўринларини белгилаш - талабгорларнинг имтиҳонда иштирок этишини чеклаш, тўловларни камайтириш ёки юқори натижа кўрсатиши мумкин бўлган талабгорлар сонини сунъий равишда қисқартириш мақсадини кўзламайди.

Мазкур тартибнинг мақсади - мавжуд инфратузилма, техник воситалар, ходимлар ва назорат ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда имтиҳонларни барқарор ва сифатли ташкил этиш, ҳудудлар бўйича юкламани мақбул тақсимлаш ҳамда натижаларни белгиланган муддатларда эълон қилишни таъминлашдан иборатдир”- дейилади ахборотда.

Шунингдек, муносабатда миллий сертификат имтиҳонларини ўтказиш даврийлиги оширилиши қайд этилган. Хусусан, 2026 йил сентябр-декабр ойларида математика, кимё, география, биология, физика, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан 2 мартадан, ҳуқуқшунослик фанидан 1 марта, жами 15 та имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган. 2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 11 та бўлган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid