platina.uz

Тошкент бозорларида муддати ўтган маҳсулотлар аниқланди

Ўрганишлар “Юнусобод”, “Авиасозлар”  “Сергели” ва “Наврўз” деҳқон бозорларида олиб борилган. 

Жамият
18 апрель, 10:20
Тошкент бозорларида муддати ўтган маҳсулотлар аниқланди

Бозорларда яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар аниқланмоқда.

Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмалари озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати юзасидан ваколатли органлар билан ҳамкорликда мониторинг ўтказган.

Хусусан, қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан “Юнусобод”, “Авиасозлар” “Сергели” ва “Наврўз” деҳқон бозорларида олиб борилган ўрганишларида савдо расталарида яроқлилик муддати ўтган, яроқлилик муддати кўрсатилмаган маҳсулотлар ҳам сотилаётганлиги аниқланди.

Жумладан, бозор ҳудудида сифат ва санитария талабларига жавоб бермайдиган мол ва товуқ гўштлари ҳамда уларнинг қиймалари, истеъмолга яроқсиз ва ишлаб чиқариш санаси ўтиб кетган дудланган колбаса, сосиска, сут-тухум маҳсулотлари, банан ва қўлда тайёрланган тузлама маҳсулотлари савдо расталаридан олиб ташланиб, тегишли ваколатли ташкилотларга ахборот киритилди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди ва қайта ишлашга юборилди.

Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан Санитария-эпидемиология маркази ходимлари ва бозор маъмурияти билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларига тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.

Маълумот учун: Қўмитага жорий йилнинг ўтган даври мобайнида озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси бўйича 403 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан, яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган товарларни сотиш бўйича мурожаатлар сони 131 та, яъни 32,5 фоизни ташкил этган.

Шу каби жами 45 та ҳолат аниқланиб, тадбиркорлик субъектларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган ва айбдор шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, шунингдек, 22 млн. сўмлик яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар савдо расталаридан олиниб, истеъмолчиларга етказилган зарар қоплаб берилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+