Ҳарвард университети хорижий талабаларидан айрилиши мумкин — Трамп администрацияси
Маъмурият Фаластинни қўллаб кўчага чиқаётганларга қаттиқ чора кўрмоқчи.

АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг огоҳлантиришича, агар Ҳарвард университети Трамп администрациясининг буйруғига кўра айрим визага эга бўлган кишиларнинг маълумотларини тақдим қилмаса, хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.
16 апрел АҚШ Ички хавфсизлик департаменти котиби Кристи Ноэм Ҳарвардга берилиши керак бўлган 2,7 миллион долларлик мақсадли маблағни бекор қилди.
Ноэмнинг айтишича, у университетдан “ноқонуний ва ҳуқуқбузарлик” ҳаракатларида иштирок этган хорижий талабалар ҳақида маълумотларни 30 апрелгача тақдим этишни талаб қилган.
“Агар университет бизнинг талабларимизга итоат этмаса, хорижий талабаларни қабул қила олмайди”, — дея таъкидлади у.
Ҳарвард вакили АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг хатидан хабардорлигини билдирди. У қонунга бўйсунишини, бироқ ўз мустақиллиги ва конституциявий ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилмаслигини маълум қилди.
Президент Трамп администрацияси Фаластин тарафдорларининг норозилик намойишлари сабабли университетларни молиялаштиришни тўхтатиш билан огоҳлантирди.
Доналд Трамп норозилик намойишларида иштирок этганларни антисемит деб атади ва уларни Ҳамас тарафдори сифатида кўраётганини маълум қилди.
Намойишчиларнинг фикрича (улар орасида яҳудийлар ҳам бор), Трамп администрацияси Фаластин ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва Ғазодаги Исроил ҳаракатларини танқид қилишни экстремизм ва антисемитизм сифатида нотўғри талқин қилмоқда.
Маъмурият, шунингдек, мамлакат бўйлаб кўплаб визаларни бекор қилди.
Кристи Ноэм: “53,2 миллиард долларлик бюджетга эга Ҳарвард ўз тартибсизликларини ўзи ҳал қила олади, аммо Ички хавфсизлик департаменти эмас”, — дея фикр билдирди ва университетда Америкага қарши бўлган ҳамда Ҳамасни қўллаб-қувватловчи мафкура мавжудлигини таъкидлади.
Ҳарвард эса муассасада бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай антисемитик қарашларни йўқ қилишга тайёрлигини, бироқ ҳар кимнинг норозилик билдириши (протест қилиш) ҳуқуқи борлигини таъкидлади.
Шунингдек, Доналд Трамп ўзининг Х платформасидаги саҳифасида "Балки Ҳарвард университети солиқ имтиёзидан маҳрум қилиниб, сиёсий ташкилот сифатида солиққа тортилиши керакдир, агар у сиёсий, мафкуравий ва террорчилик оқимига асосланган "касаллик"ни тарғиб қилишда давом этса? Эслаб қолинг, солиқ имтиёзи фақат жамоат манфаати йўлида ҳаракат қилган тақдирда берилади!" дея хабар қолдирган.