Андижонда фуқаро 52 радарга милтиқ билан шикаст етказди
Иш бўйича ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, жами 1 млрд 147 млн сўм моддий зарар ҳисобланган.

Ижтимоий тармоқларда "Андижон шаҳрида 52 та радар камерани тош билан уриб синдирибди" номи хабар тарқалди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, 1976 йилда туғилган М.С. Андижон шаҳри ҳудудидаги 29 та чорраҳага ўрнатилган “TELECOM SOFT” МЧЖга тегишли бўлган 51 дона “Hikvision” русумли йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини аниқлайдиган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд қилиш дастурий-техник воситалари ва 1 дона “Hikvision” русумли радар комплексига, ўзига тегишли бўлган “SRKET” русумли пневматик милтиқдан ўқ отиш орқали қасддан шикаст етказган.
Иш бўйича ўтказилган суд-товаршунослик экспертизасининг хулосасига кўра, жами 1 млрд 147 млн сўм моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро М.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.