Самарқандда бюджетдан жами 83 млрд сўмдан ошиқ пул ажратилади
Маблағнинг катта қисми Булунғур тумани учун сарфланиши кўзда тутилган.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши пул ажратиш бўйича иккита ҳужжатни тасдиқлади. Унда жами 83 млрд сўмдан ошиқ маблағ ҳақида гап боради. Ҳар иккала қарор 2025 йил 11 апрел куни эълон қилинган.
Дастлаб вилоят бюджетининг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 13 млрд 856 млн сўм ажратилади. 13060 ҳарбий қисм ҳудудида Маънавият ва маърифат биносини қуришга 4 млрд сўм, Иштихон туманида собиқ муфтий Усмонхон Алимов мақбарасини қуришга 1 млрд сўм, ДХХ бошқармаси ошхонасини таъмирлаш учун 1,4 млрд сўм, Самарқанд туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва ободонлаштириш харажатлари учун 3 млрд сўм берилади.
Иккинчи ҳужжат Булунғур туманида ривожланишга туртки берувчи инфратузилма лойиҳаларига бағишланади. Жумладан, Булунғур канали бўйида дам олиш маскани қуриш учун 1 млрд сўм, туман марказидаги "Ҳумо" сайилгоҳини қуриш ва амфитеатр учун 2,5 млрд сўм, Булунғур, Фозил Йўлдош ва Мустақиллик кўчаларини 24 соат ишлайдиган кўчага айлантириш ишларига 4,4 млрд сўм, туман марказида реновация дастури асосида уйлар қуришга 5,6 млрд сўм берилади.
Туман давлат идораларини бир бинога жамлаш орқали бўшаган биноларда тадбиркорлик ишларини йўлга қўйишга 10 млрд сўмдан ошиқ маблағ берилади. "Булунғур" канали бўйидаги 25 гектар ҳудудни дам олиш зонасига айлантиришга 7,8 млрд сўм берилади.
Аввалроқ Фарғонада шифохоналар учун пул ажратилганди.