platina.uz

Siemens ижрочи раҳбари ва унинг оиласи вертолёт ҳалокатида қурбон бўлди

Вертолёт осмондаги парвозини тахминан 16 дақиқа давом эттирган. Вазиятга АҚШ президенти ва Испания бош вазири муносабат билдирди.  

Жаҳон
11 апрель, 11:08
Siemens ижрочи раҳбари ва унинг оиласи вертолёт ҳалокатида қурбон бўлди

Siemens компаниясининг раҳбари, оиласи ва учувчиси вертолёт қулаш оқибатида ҳалок бўлди.

Манхеттеннинг туманли қирғоғи бўйлаб саёҳат қилаётган бир оиланинг сафари фожиа билан якунланди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, вертолёт осмондан тўсатдан қулаган ва Гудзон дарёсига тушгач, бўлакларга бўлиниб кетган.

Расмийларга кўра, Siemens компаниясининг ижрочи раҳбари Агустин Эскобар, унинг оиласи ва вертолёт учувчиси ҳалокат натижасида ҳалок бўлган.

Ню-Йорк мэри Эрик Адамснинг айтишича, оила Испаниядан ташриф буюрган эди.

Вертолёт нима сабабдан қулагани ҳозирча номаълум. Бироқ воқеа гувоҳлари биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилганини таъкидлашмоқда.

Ню-Йорк полиция департаменти комиссари Жессика Тишнинг хабар беришича, 10 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 15:37 атрофида Ню-Жерси штатининг қирғоғига яқин ҳудуддан тез ёрдам чақирувларига оид кўплаб қўнғироқлар келиб тушган. Дастлаб полиция томонидан тўрт киши сувдан чиқарилган.

Ню-Жерси шаҳри мэри Стивен Фулоп ўзининг “Х” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида воқеа жойида тўрт нафар киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Шунингдек, икки нафар ёш бола Ню-Жерси тиббиёт марказига етказилган, аммо афсуски, улар шифохонада вафот этган.

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳодиса сабаб ҳамдардлик билдириб, қурбонларнинг оиласи ва яқинларига сабр тилади.

Шунингдек, Испания Бош вазири ҳам ушбу воқеани “тасаввур қилиб бўлмас даҳшат” дея баҳолаб, ўз ҳамдардлигини изҳор этди.

Flightradar24 маълумотларига кўра, вертолёт Bell 206L-4 LongRanger IV русумида бўлган, 2004 йилда ишлаб чиқарилган. 2016 йилда учиш учун хавфсизлик сертификатига эга бўлган бўлиб, мазкур сертификат 2029 йилгача амал қилади.

Вертолёт Манхеттендаги қўниш майдончасидан соат 14:59 да ҳавога кўтарилган. Дастлаб жанубга, сўнг шимолга, Манхеттен қирғоғи бўйлаб Гудзон дарёси томон йўл олган. Соат 15:08 атрофида Жорж Вашингтон кўпригига етиб келгач, Ню-Жерси қирғоғи томон учишни давом эттирган. Орадан бироз вақт ўтгач, назорат йўқотилган ва вертолёт сувга қулаган.

Flightradar24 маълумотларига кўра, вертолёт осмондаги парвозини тахминан 16 дақиқа давом эттирган.

Ҳалокат содир бўлган пайтда об-ҳаво булутли бўлган, шамол тезлиги эса соатига 15–25 км бўлган.

Қутқарув вертолётларига воқеа жойини диққат билан кузатиш ва сувда ҳеч ким қолмаганлигига ишонч ҳосил қилиш топширилган.

Федерал авиация бошқармаси эса, махсус рухсатномаларсиз воқеа жойи атрофида дрон учиришни тақиқлади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+