Давлат ташкилотларининг коррупция бўйича ҳолати баҳоланди
Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш яхши йўлга қўйилган деб топилди. Ғазначилик ва фармацевтика ёмон натижа қайд этди.

Давлат органи ва ташкилотларининг 2024 йилдаги коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги баҳоланди.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими бўйича 103 та давлат ташкилотининг (жумладан, 14 таси илк маротаба, 89 таси эса такроран) 2024 йилдаги фаолияти 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳолашдан ўтказилди.
Унга кўра, давлат ташкилотлари фаолиятинг самарадорлиги қуйидаги тоифаларга ажратилди:
-41 таси “яхши” – (81-100 балл);
-53 таси “қониқарли” – (55-80 балл);
-9 таси “қониқарсиз” – (55 баллдан паст).
Таҳлиллар кўрсатишича, бу йил рейтинг натижалари ўртача 73,8 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 4,9 баллга (95 та давлат ташкилоти томонидан ўртача 68,9 балл), 2022 йилга нисбатан эса 14,3 баллга (62 та давлат ташкилоти томонидан 59,5 балл) ошган.
Энг яхши натижани Навоий кон-металлургия комбинати қайд этди. Шунингдек, Солиқ қўмитаси, Марказий банк, Uzbekistan airports, Спорт вазирлиги, Таълим вазирликлари ва ССВ ҳам ижобий натижа қайд этган.
Кўпчилик ҳокимликлар, банклар, Транспорт вазирлиги ва бошқалар қониқарли натижа қайд этди.
"Ўзбеккўмир", Фармацевтика агентлиги, Ғазначилик қўмитаси эса ёмон натижа қайд этди.

Шунингдек, ижобий натижани қайд этган давлат ташкилотларида ўтган давр мобайнида коррупцияга оид жиноятлар сони камайишига эришилган.
2023 йилги рейтинг баҳолашда “қониқарсиз” деб топилган 13 та давлат ташкилоти фаолиятида ўсиш кузатилди.