Дипломатик саъй-ҳаракатлар ва сиёсий қарорлардан бошқа йўл йўқ
Шавкат Мирзиёев Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш музокараларини олқишлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Самарқандда бошланган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида Украина масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
"Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар жараёнлари бошланганини олқишлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Олдинда жуда мураккаб ва ечими осон бўлмаган масалалар турганини тушунамиз. Бироқ дипломатик саъй-ҳаракатлар ва сиёсий қарорлар қабул қилишдан бошқа муқобил йўлни биз кўрмаяпмиз", деди президент.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, мазкур саммит жадал ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган глобал жараёнлар шароитида ўтмоқда. Геосиёсий зиддиятлар, хавфсизлик муаммолари, йирик минтақавий можаролар ҳамда барқарор тараққиётга нисбатан ижтимоий ва иқтисодий таҳдидлар кучаймоқда.
"Аёнки, ҳеч бир минтақа кенг халқаро ҳамкорликсиз бу қадар мураккаб масалаларни мустақил ҳолда ҳал этишга қодир эмас. Шу муносабат билан таъкидлашни истардимки, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи анъанавий шериклар бўлиб, ўзаро яқин ҳамкорлик учун талаб фақат ўсиб бормоқда. Биз ҳам Европа томони каби халқаро ҳуқуқнинг тамойил ва меъёрларига содиқлигимизни билдирамиз", деди Ўзбекистон раҳбари.




