platina.uz
Мақола

Кеча Амир Темур, бугун Шавкат Мирзиёев...

Бугун карвон йўллари ўрнини транспорт йўлаклари, мадрасалар ўрнини рақамли университетлар, чопарлар ўрнини дипломатик саммитлар ва интеграцион лойиҳалар эгаллаган.

Кеча Амир Темур, бугун Шавкат Мирзиёев...
Фотоколлаж: Platina.uz

Яқинда қозоғистонлик бир тарихчи ижтимоий тармоқда мамлакатда туризмни ривожлантириш муаммолари ҳақида гапира туриб, тегишли инфратузилма ривожланмагани қаторида, ҳудудда сайёҳларни қизиқтира оладиган тарихий обидаларнинг йўқлиги ҳақида ёзғириб қолди. “Яхшиямки Амир Темур Аҳмад Яссавий бобомиз қабри устига сағана қурдирган экан. Ким келса, ўша ерга олиб борамиз” деди афсусланиб.

Энди бу тарихчи олим хурсанд бўлиши мумкин. Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида яна бир меъморий обида – Ўзбекистон президенти қурдирган муҳташам масжид томошабинлар кўзини қувнатадиган бўлди.

Ўзбекистон халқининг бебаҳо туҳфаси

Шундай туҳфалар бўладики, уларнинг қийматини пул билан ўлчаб бўлмайди. Улар давр рамзига, сиёсий мурожаатга ва тарихий ишорага айланади. Туркистонда Ўзбекистон томонидан бунёд этилган муҳташам масжид ҳам айнан шундай маъно касб этмоқда. Бу – бутун туркий олам учун муқаддас саналган, буюк мутафаккир ва маънавий пири комил Ҳожа Аҳмад Яссавий дафн этилган қадимий шаҳарга берилган юксак эҳтиром намунасидир.

Бир қарашда бу оддий архитектуравий лойиҳага ўхшайди. Аммо чуқурроқ назар ташланса, гап анча катта маъно ҳақида кетаётгани аён бўлади. Бу рамзий қадамда Марказий Осиёнинг ўзига хос тарихи янада жонланади. Ва Туркистон осмони узра яна Амир Темур руҳи гавдаланади, десак муболаға бўлмайди.

Аҳмад Яссавий мақбараси

Сал аввалроқ, Ўзбекистон пойтахтида президентимиз ташаббуси билан қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази бутун дунёга довруқ таратиб улгурди. Ҳатто дунёда энг йирик шундай музей-мажмуа сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киргани ҳам таъкидланди. Ҳозир бу марказга борсангиз, кира олмайсиз: сайёҳлар шу қадар кўпки, кириш чиптаси отлиққа ҳам топилмайди. Бундан фақат хурсанд бўламиз холос.

Аммо бу марказ шунчаки музей эмас. У бутун минтақа ва жаҳонга сиёсий-маданий сигнал вазифасини ўтайди – Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази бўлган ва ҳозир ҳам шу марказга айланмоқда. Бошқача қилиб айтганда – Ислом цивилизациясининг маркази бизда, марказ – бизмиз деган маънони беради, десак хато бўлмаса керак.

Ислом цивилизацияси маркази

Туркистон – оддий шаҳар эмас

Туркий дунё учун Туркистон – шунчаки Қозоғистон харитасидаги нуқта эмас. У – бутун саҳро цивилизациясининг маънавий пойтахти. Асрлар давомида бу ерда ислом, туркий маданият, давлатчилик ва тасаввуф ғоялари уйғунлашган.

Бу ерда туркий халқлар тарихидаги энг улуғ маънавий зотлардан бири – Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбараси жойлашган. Унинг таълимоти бутун Марказий Осиё ва кенг туркий маконда ислом маданияти шаклланишига катта таъсир кўрсатган.

Энг қизиғи шундаки, Яссавий мақбараси айнан Амир Темур ташаббуси билан бунёд этилган. XIV аср охирида Самарқандни улкан салтанат марказига айлантирган Амир Темур Яссавий қабри устида катта мақбара қуришни шахсан буюрган эди. Бу фақат диний эҳтиром эмас, балки йирик сиёсат ҳам эди. Темур яхши тушунарди: туркий ерларни фақат қилич билан бирлаштириб бўлмайди. Бунинг учун умумий рамзлар, муқаддас масканлар ва цивилизацион таянч нуқталар керак.

Шавкат Мирзиёев – Марказий Осиёнинг янги Амир Темурими?

Албатта, тўғридан-тўғри тарихий қиёслар ҳар доим шартли бўлади. Аммо сўнгги йиллардаги сиёсий рамзлар жуда яққол кўринаётганини инкор этиб бўлмайди.

2016 йилдан кейин Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги сиёсий муҳитни амалда ўзгартирди. Узоқ йиллар давомида яширин рақобат, ишончсизлик ва ёпиқ чегаралар билан яшаган минтақа аста-секин мулоқот ва ҳамкорлик маконига айлана бошлади.

Янги минтақавий яқинлашув ташаббусларининг асосий маркази айнан Тошкент бўлди.

Чегаралар очилди. Ўзаро савдо-сотиқ фаоллашди. Ҳамкорликдаги транспорт лойиҳалари пайдо бўлди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди. Минтақадаги кескинлик даражаси пасайди.

Аслида Мирзиёев минтақа сўнгги ўн йилликларда кўрмаган жараённи бошлади: Марказий Осиёни қурол ва таҳдид, дўқ-пўписа билан эмас, дипломатия, иқтисод ва маданият орқали қайта яқинлаштиришга уриниш ўз самарасини бера бошлади.

Мана шу нуқтада Темур билан тарихий ўхшашлик янада қизиқ тус олади. Амир Темур ҳам фақат қалъалар қурмаган. У савдо йўлларини ривожлантирган, карвонлар хавфсизлигини таъминлаган, шаҳарларни тиклаган ва катта ҳудудларни ягона таъсир тизимига бирлаштирган.

Замонавий Ўзбекистон ҳам XXI аср шароитида худди шунга ўхшаш вазифани бажармоқда. Фақат бугун карвон йўллари ўрнини транспорт йўлаклари, мадрасалар ўрнини рақамли университетлар, чопарлар ўрнини дипломатик саммитлар ва интеграцион лойиҳалар эгаллаган.

Шавкат Мирзиёев Туркистондаги масжидда

Нега айнан масжид?

Ўзбекистон президенти Туркистонга бизнес маркази совға қилиши мумкин эди. Ёки концерт зали. Ёки технопарк. Ёки савдо мажмуаси...

Аммо Ўзбекистон айнан масжид қуриб берди. Бу ерда жуда катта рамзий маъно яширин. Марказий Осиё бугун нафақат геосиёсий, балки маънавий ўзгаришлар даврини ҳам бошдан кечирмоқда. Узоқ йиллик мафкуравий бўшлиқдан кейин минтақа ўзлигини қайта англашга ҳаракат қилмоқда.

Биласизми, туркий халқларни нима бирлаштиради? Тилми? Тарихми? Иқтисодми? Сиёсатми? Албатта, ҳамма жавоб тўғри. Аммо энг аввало – умумий цивилизацион хотира. Туркистондаги масжид ана шу умумий хотиранинг бир қисмига айланмоқда.

Аслида расмий Тошкент шу орқали бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: интеграция фақат қувурлар, йўллар ва бозорлар билан қурилмайди. Маънавий асос бўлмаса, ҳар қандай иттифоқ мустаҳкам бўла олмайди. Бу ҳақиқатни ўз вақтида Амир Темур ҳам яхши англаган. Бугун эса Ўзбекистон етакчиси буни амалга татбиқ этди.

Ўзбекча “юмшоқ куч”

Жаҳон сиёсатида “soft power” – “юмшоқ куч” деган тушунча бор. Бу – маданият, таълим, гуманитар лойиҳалар ва рамзлар орқали таъсир ўтказиш демакдир. Бугун Ўзбекистон айнан шу воситадан тобора фаол фойдаланмоқда.

Самарқанд йирик халқаро саммитлар марказига айланмоқда. Тошкент маданий ташаббусларни илгари сурмоқда. Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотидаги ролини кучайтирмоқда. Таълим алмашинувлари ривожланмоқда. Умумий тарихий мерос лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.

Туркистондаги масжид эса ушбу стратегияга мукаммал мос келади. Бу энди шунчаки диний иншоот эмас. Бу – дипломатик манифест. Бутун минтақага берилган сиёсий ишора: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг цивилизацион маркази сифатида қайта майдонга қайтмоқда.

Туркистон ва Самарқанд – бир цивилизациянинг икки қутби

Тарихан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри ва Қозоғистондаги Туркистон шаҳри бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Самарқанд сиёсий ва илмий қудрат рамзи эди. Туркистон эса маънавий марказ саналган.

Темур ҳар иккисининг аҳамиятини яхши англаган. Бугун Мирзиёев ҳам эҳтимол айнан шу моделга таянмоқда: иқтисод, сиёсат, маънавият ва умумий тарихий хотирани бирлаштириш моделига урғу бермоқда. Шунинг учун Туркистон янги туркий бирликнинг асосий рамзларидан бирига айланмоқда.

Айни Туркистонда Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Энди Туркий цивилизация маркази шаклланмоқда. Ва қувонч билан эътироф этиш керакки, Ўзбекистон бу муқаддас шаҳарда ўз архитектуравий изини қолдирмоқда.

Архитектура – геосиёсат тили

Тарихда бинолар сиёсий баёнотга айланган ҳолатлар жуда кўп бўлган.

Рим форумлар қурган. Усмонийлар масжидлар бунёд этган. Британия империяси темир йўллар қурган. СССР улкан саройлар ва майдонлар барпо этган.

XXI аср Ўзбекистони ҳам, эҳтимол, архитектура тилида гапиришни бошламоқда. Ва Туркистондаги масжид – шунчаки гўзал иншоот эмас. Бу – тарихий миссиянинг қайтиши рамзи. Асрлар давомида Марказий Осиёнинг юраги бўлиб келган мамлакат миссияси. Бирлаштириш миссияси. Маданий етакчилик миссияси. Туркий халқлар ўртасида мулоқот кўприги бўлиш миссияси десак бўлади.

May be an image of map and text
Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Амир Темур музейида

Тарихнинг акс-садоси

Амир Темур Яссавий мақбарасини қурдирганида, эҳтимол, у олти асрдан кейин Мовароуннаҳр заминидан чиққан яна бир раҳбар Туркистонга янги сиёсий тил, янги воситалар ва янги давр билан қайтишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак.

Аммо тарихнинг ажойиблиги шундаки, у баъзан ўз рамзларини такрорлайди. Бугун Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция марказига тобора айланиб бораётганини кузатар эканмиз, беихтиёр бир нарса ёдимизга тушади: тарих спирал тарзида такрорланади, аввал рўй берган воқеалар орадан йиллар ўтиб, яна такрорланиши, аммо ўз замони контекстида тараққийлашган ҳолда юзага чиқиши мумкин. Бу фикр исботини бугун Туркистондаги янги масжид мисолида кўришимиз мумкин: Темурдан сўнг асрлар ўтди ва бугун унинг – ўзбек давлатчилигининг сиёсий вориси – янги Ўзбекистон раҳбари яна минтақани бирлаштирадиган тарихий-меъморчилик намунаси билан тилларга тушди...

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid