Статистика: гўшт етиштириш кўпаймоқда, бироқ нарх ошиши тўхтагани йўқ
Сўнгги беш йилда гўшт етиштириш 7,5 фоизга ўсган.

Ўзбекистонда гўшт етиштириш қийматлари кўпаймоқда, аммо гўшт нархининг ошиши тўхтамаяпти.
2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигининг ривожланиши статистикаси эълон қилинди.
Унга кўра, беш йил ичида гўшт етиштириш 7,5 фоизга ўсган. Тошкент шаҳрида лаҳм мол гўшти 140 минг сўмгача сотилмоқда. Йил бошида бу кўрсаткич 120 минг атрофида эди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари қишлоқ хўжалигининг сўнгги 5 йилдаги ривожланишини таҳлил қилди.
2024 йилда республикада ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми 444,6 триллион сўмга етди ва 5 йил ичида 18,5 фоизга ўсди. Сўнгги 5 йилда ялпи маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 103,5 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳаси минтақада етакчи ўринни эгаллаб келмоқда: ялпи маҳсулот ҳажми Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг кўрсаткичларидан юқори бўлиб, бу унинг кўлами ва стратегик аҳамиятини акс эттиради, дейилади хабарда.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида банд бўлган бир кишига тўғри келадиган қўшилган қиймат дунёдаги ўртача даражадан 4,4 баравар юқори.
Мамлакат аҳолисининг фаол ўсишига қарамай, аҳоли жон бошига нисбатан қишлоқ хўжалигининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш барқарор ошиб бормоқда:
Дон экинлари – 238,2 кг (5 йил ичида +7,6 фоиз)
Картошка – 100,0 кг (+8,7 фоиз)
Сабзавотлар – 322,7 кг (+6,1 фоиз)
Мева ва резаворлар – 88,0 кг (+7,4 фоиз)
Узум – 49,1 кг (+2,9 фоиз)
Полиз экинлари – 72,2 кг (+17,2 фоиз)
Гўшт– 79,2 кг (+7,5 фоиз)
Сут – 334,8 кг (+4,9 фоиз)
Тухум – 236,9 дона (+2,4 фоиз).