Россияда ўзбекистонлик ишчилар ўрнини ҳиндистонликлар эгаллаши мумкин
Сўнгги пайтларда ўзбекистонликлар учун Россия бозорининг жозибадорлиги пасайган. Оқибатда қурилишларда ҳинд ишчилари кўпайиши тахмин қилинмоқда.

Ҳиндистон яқин йилларда Россия қурилиш майдонлари учун асосий ишчи кучи етказиб берувчисига айланиши мумкин.
Бу ҳақда "РИА Новости" Intrud компаниясининг бошқарувчи директори ва ҳаммуассиси Дмитрий Лапшинов маълумотига асосланиб ёзмоқда.
Унга кўра, ҳиндистонлик ишчилар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган муҳожирларни алмаштириши мумкин.
Лапшинов сўнгги пайтларда ўзбекистонликлар учун Россия бозорининг жозибадорлиги пасайганини, чунки уларнинг ватанида иқтисодиёт ва қурилиш фаол ривожланаётганини таъкидлади.
Қирғизистонда, дейди эксперт, қурилиш жадаллашган, Тожикистон фуқароларини Россияга жалб қилишда хавфсизлик кучлари томонидан қийинчиликлар мавжуд.
Сўнгги пайтларда Россияда муҳожирлар яшайдиган ҳудудларда рейд ҳолатлари кескин ошган. Январ ойи охирида Санкт-Петербургдаги қурилиш майдонларида ўтказилган рейдлардан сўнг 100 дан ортиқ хорижлик полиция бўлимларига олиб кетилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иммиграция қонунчилигини бузганларни аниқлаш мақсадида профилактик рейдларни кучайтирмоқда.
Аввалроқ ўзбекистонликлар ишчилар Россияда камайиб, Европа ва АҚШда кўпайгани хабар берилганди.
