Ўзбекистон фуқаролари Россияга киритилмаётгани бўйича хабарлар изоҳланди
Ташқи меҳнат миграция агентлиги бу ҳолатни инкор этиб, Россия аэропортларидаги аҳволни ўрганди.
Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудига қўйилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ташқи меҳнат миграция агентлиги мазкур хабарга изоҳ берди.
Агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистондан бораётган муҳожирларнинг ушбу мамлакатга кириб чиқиши ҳолатни ўрганиш мақсадида Москва шаҳридаги "Внукова", "Шереметево", "Домодедово" аэропортларининг масъул ходимлари билан боғланилиб ҳолатга аниқлик киритилган.
Аниқланишича, Москва шаҳридаги мазкур аэропортларда ўзбекистонликларнинг Россия ҳудудига қўйилмаётгани ёки узоқ вақт давомида ушлаб туриш ҳолатлари кузатилмаётгани аниқланган.
“Бундан ташқари, автомашиналар орқали Россия Федерациясига кириб келинадиган Оренбург, Самара, Саратов вилоятларидаги "Озинки", "Маштаково", "Сагарчин" божхона чегара постларидаги ҳолатлар ҳам ўрганилганда, ушбу чегара постлари доимий иш тартибида ишлаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бирон-бир тўсиқларсиз Россия Федерацияси ҳудудига кираётганлиги маълум бўлди”, дейилади Ташқи меҳнат миграция агентлигининг баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввал Тожикистон ТИВ мамлакат фуқаролари Россияга киришда қийинчиликларга дуч келаётганини эълон қилиб, зарурат бўлмаса РФга бормасликни сўраганди. Қирғизистон ТИВ ҳам шундай баёнот билан чиққан.