Тошкентдаги супермаркетларда сабзавот нархлари пасая бошлади
Картошка нархи ошганидан кейин Покистондан картошка импорт қилинди ва бу нарх пасайишига олиб келди.

2025 йилнинг феврал ойида Тошкент шаҳридаги йирик супермаркетларда 21 номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўзгариши кўриб чиқилди.
Мониторинг натижалари 6 номдаги маҳсулот бўйича минимал нархлар ўтган ойдагига нисбатан пасайганини кўрсатди. Таҳлил 2025 йил 9 январ ва 6 феврал орасида ўтказилган мониторинг маълумотлари асосида амалга оширилди.
Шундай қилиб, картошканинг минимал нархи 26,1 фоиз, қизил сабзиники 11,3 фоиз, лавлагиники 8,2 фоиз, тухумники 7,8 фоиз, сутники 0,9 фоиз, шакарники 0,4 фоиз пасайган. Ўтган ойда картошка нархи ошганидан кейин Покистондан картошка импорт қилинди ва бу нарх пасайишига олиб келди.

8 номдаги маҳсулот бўйича минимал нархлар ошган. Айниқса, оқбош карам нархида энг катта ўсиш қайд этилди. Бу мавсумий омил билан боғлиқ.
Бодринг нархи ҳам сезиларли даражада ошган, аммо ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 30 фоиз арзон.
7 номдаги маҳсулотнинг энг паст нархлари ўзгаришсиз қолган. Булар – буғдой уни, гуруч, гречка, макарон, олма, банан, товуқ гўшти (филе).