platina.uz

Терговда шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилади

Тинтув тўғрисида сўров қўзғатиш, уни кўриб чиқиш асослари, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланди. 

Жамият
29 январь, 16:05
Терговда шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилади

Тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилади.

Қонун (ЎРҚ-1022-сон, 28.01.2025 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, тергов судьясининг ваколатлари белгиланиб, тергов судьяси якка ўзи иш тутиб, Кодексда назарда тутилган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади.

Шунингдек, тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳамда уни кўриб чиқиш асослари белгиланди.

Бунда, тинтув ўтказиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда прокурор, терговчи ёки суриштирувчи тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида уни ўтказиш учун асосларни баён этган ҳолда қарор чиқаради.

Телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туришни, улар орқали узатиладиган ахборотни олишни амалга ошириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш асослари белгиланди.

Бундан ташқари, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Бунда, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+