"Қарши магистрал канали" бошқармасига қарши иш қўзғатилди
Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйишда айбланган бошқарманинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Рақобат қўмитаси Қашқадарёдаги манфаатлар тўқнашуви юзасидан чора кўрди.
Тармоқларда "Қарши магистрал канали ўтган йили 39 та тендер ўтказди. Унинг 21 тасида буюртмачининг "қўшниси" ғолиб чиққан" номли материал эълон қилинган.
Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан "Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси" ДМ томонидан амалга оширилган давлат харидларида рақобат қонунчилиги талабларига риоя қилинганлиги юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўтказилган ўрганишлари натижасида Буюртмачи томонидан энг яхши таклифларни танлаш орқали амалга оширилган давлат харидларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан буюртмачига нисбатан иш қўзғатилган.
Иш натижаси юзасидан қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Шунингдек, буюртмачи (Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси) мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шу билан биргаликда, ўрганиш давомида кузатилган манфаатлар тўқнашуви аломатлари бўйича маълумотларга ҳуқуқий баҳо берилиши учун прокуратура органларига юборилди.