platina.uz

Амалдорлар ва давлат ишчиларининг таниш-билишчилиги қонун билан тақиқланяпти

Сенатнинг 41-ялпи мажлиси 2023 йилнинг 1 июнь куни чақирилади ва унда ушбу қонун ҳам муҳокама қилинади.

Жамият
30 май 2023 йил
Амалдорлар ва давлат ишчиларининг таниш-билишчилиги қонун билан тақиқланяпти

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан амалдорлар ва давлат хизматчиларининг таниш-билишчилиги ва бошқа манфаатли жиҳатлари қонун билан тақиқланяпти.

Сенатнинг 41-ялпи мажлиси 2023 йилнинг 1 июнь куни чақирилади ва унда ушбу қонун ҳам муҳокама қилинади.

Шунингдек:

  • “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”;
  • “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”;
  • “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”;
  • “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”;
  • “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”;
  • “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилади.

Мажлисда Марказий банк 2022 йилдаги фаолияти ҳақида ҳисоб ҳам беради.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ўзи нима ҳақида?

Қонун талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ қилинади:

  • давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига;
  • давлат муассасаларига;
  • давлат унитар корхоналарига;
  • давлат мақсадли жамғармаларига;
  • устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига.

Қонунда манфаатлар тўқнашуви тушунчасига шундай таъриф берилади:

“Манфаатлар тўқнашуви – шахсий манфаатдорлик шахснинг лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқаролар, ташкилотлар, жамият ёки давлат ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият”.

Ҳужжат билан қуйидаги шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимига алоқадор шахслар деб эътироф қилинмоқда:

  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимининг яқин қариндошлари (яқин қариндошлар деганда ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари тушунилади);
  • ходим ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
  • ходим ёки унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахс раҳбари ёки бошқарув органи аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.
  • Қонун билан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимининг манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги ва бунга қўл остидагиларни бевосита ёки билвосита мажбурламаслиги белгиланмоқда.

Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ходим ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилингунига қадар раҳбари ёки махсус бўлинмани хабардор қилиши, бошқа ходимларнинг шу каби ҳаракатлари юзасидан ҳам хабар бериши керак.

Қонунга кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари:

  • ўз хизмат мавқейини суиистеъмол қилиш орқали шахсий наф олишга ҳақли эмас;
  • ходимлар ўзи ишлаётган ташкилот назорати остидаги ташкилотларнинг акцияларига ёки улушларига ўзининг ёки яқин қариндошларининг эгалик қилиши ва бошқарув органи аъзоси бўлиши мумкин эмас; бундай ҳолатларда улар ўз улушларини 1 ой ичида сотиши ёки бошқарув органлари аъзолигидан чиқиши керак;
  • ўзи ишлаётган давлат ташкилотида ўзига тааллуқли бўлган ёки ўзига алоқадорларга тааллуқли ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этиши мумкин эмас;
  • ўзи ёки ўзига алоқадор шахслар у фаолият олиб бораётган давлат ташкилотининг мол-мулкини сотиб олишда ёки ижарага олишда иштирок этиши мумкин эмас.

Манфаатлар тўқнашувлари қуйидаги манбалардан олинган маълумотлар орқали аниқланади:

  • декларациялар;
  • давлат харидлари давомида олинган таклифлар, саралаш ёки тендер комиссиялари мажлислари баённомалари, тузилган битимлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходими фаолиятидаги мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаатлари ёки хабарлари;
  • тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатлари;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модули;
  • “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими;
  • Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий меҳнат тизими;
  • қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;
  • махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича киритилган тақдимнома.

ОАВ ва интернет тармоғида манфаатлар тўқнашуви ҳақида маълумот тарқалганида, бу ҳолатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилади.

Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларида қуйидаги чоралардан бири кўрилади:

  • раҳбарнинг бевосита бўйсунувидаги ходимни манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбар бўйсунувига ўтказиш;
  • ходимни манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган коллегиал орган таркибидан ихтиёрий ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш;
  • ходимнинг лавозим мажбуриятлари доирасини қайта кўриб чиқиш;
  • ташкилотнинг манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ахбороти ва ҳужжатларидан ходимнинг фойдаланишини чеклаш;
  • якка тартибда қарорлар қабул қилишга доир ваколатлар устидан коллегиал назоратни таъминлаш;
  • ходим томонидан ўзи ишлаётган ташкилотлар манфаатларига зид бўлган шахсий манфаатдорлигидан воз кечиши;
  • шахсий манфаатдорлигини бартараф этиш мумкин бўлмаганда, ходимнинг розилиги билан уни аввалги лавозимига тенг бошқа лавозимга ўтказиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш.
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+