Янги қонун мазмуни қандай ва уни бузганлар қандай жазоланади?
"Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонунни содда тилда мисоллар билан шарҳлашга ҳаракат қилдик.
Президент 5 июн куни “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ушбу қонун Aдлия вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилади.
Қонунда давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар очиб берилган.
Манфаатлар тўқнашуви нима дегани?
Манфаатлар тўқнашуви – мансабдор шахснинг шахсий манфаатлари унинг лавозим мажбуриятлари ҳамда хизмат ваколатлари вазифалари ва ҳамда ваколатларини талаб даражасида, холис ва беғараз бажаришига таъсир қилувчи вазиятдир. Бошқача айтганда, маълум бир лавозимдаги мансабдор манфаатлари билан уни ёллаган ташкилот манфаатлари тўқнаш келадиган ҳолатдир. Буни оддий сўз билан таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчилик дея баҳолаш мумкин.
Масалан, бир фирманинг маркетинг бўлими бошлиғига фирманинг янги стил ва логотипини ишлаб чиқиш топширилади. Бўлим бошлиғи буюртмани дарров ўз акасининг брендинг агентлигига беради. Чунки бу ерда унинг шахсий манффати бор – “пулни бегона қилгиси” келмайди, ушбу буюртмадан унинг қариндоши даромад топади.
Бироқ бунинг оқибати ёмон – фирма зарар кўриши мумкин. Чунки бўлим бошлиғи бошқа агентликлардаги нархлар ва хизмат сифатини таҳлил қилиб кўрмаган, улардан энг яхши ва арзонроғини танлай олмаган. Бу ерда бўлим бошлиғининг манфаатлари фирма манфаатлари билан тўқнаш келмоқда.
Давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви
Масалан, солиқ инспектори ўз тоғасининг фирмасини солиқ борасида текшириши лозим. Текширув натижасида у даромад солиқлари тўланмаганини аниқлайди. Бироқ инспектор буни яширади. Чунки тоғаси жавобгарликка ва жаримага тортилиши мумкин.
Инспекторнинг шахсий манфаатлари давлат манфаатлари билан тўқнаш келгани натижасида бюджетга солиқлар тушмайди, давлат зарар кўради.
Ёки бошқа мисол. Ёнғинга қарши кураш бошқармаси ходими ўз синфдошининг фирмасида текширув ўтказади. Қоидабузарликлар аниқлаган бўлса-да, унга жарима ёзмайди. Эвазига синфдошидан унга гараж қуриб беришни сўрайди. Бу ўринда инспектор ўз танишини жаримага тортмаслик учун шахсий манфаатга эга.
Фойда кўриш борасидаги манфаатлар
Айрим ҳолларда манфаатлар ходим, хизматчи ёки у билан алоқадор шахсларнинг пул, мол-мулк ёки жавоб тариқасида хизматлар кўрсатишни талаб қилишида кўринади.
Айтайлик, “А” компаниянинг экспедитори “Б” компаниянинг директори билан қариндош. Экспедитор товар топишда “Б” компаниянинг манфаатларини ҳимоя қилади. У қариндошидан мукофот ёки пора олмаслиги мумкин, лекин қариндошига “А” компания ҳисобидан фойда кўришига ёрдам беради.
Кимлар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади?
Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс, шунингдек, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик субъект алоқадор шахс деб ҳисобланади.
Қонунда манфаатдорликка йўл қўймаслик, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш, шахсий манфаатларини кўзлаб бошқаларни ҳаракат (ҳаракатсизликка) мажбурламаслик бўйича ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган.
Бунда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ходимлар томонидан ошкор этиш икки шаклда – мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома бериш ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тўлдириш орқали амалга оширилади.
Ходимга алоқадор шахслар давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича декларация тўлдириш мажбуриятлари белгиланган.
Муносабатларни тартибга солишда ички назорат вазифалари
Ўз навбатида, давлат ташкилотлари, уларнинг одоб-ахлоқ комиссиялари, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва кадрлар билан ишлаш бўлинмалари манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда ички назорат вазифаларини амалга оширади.
Қонунда манфаатлар тўқнашувини бир қатор ахборот манбаларидан аниқлаш йўли билан амалга ошириш белгиланган. Мисол учун, тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан; “Ягона миллий меҳнат тизими” қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан ва бошқа манбалардан текшириб кўриш мумкин.
Шунингдек, қонунда манфаатлар тўқнашадиган ҳолатларни тартибга солиш бўйича бир қатор чоралар белгиланган. Мисол учун, коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш чораларини кўриш орқали манфаатлар тўқнашувининг олди олинади.
Давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри юритилади. Унда хабар берилган, аниқланган ҳамда тартибга солинган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.
Жаримага тортиш ҳолатлари
Юқорида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш мажбурияти ҳақида сўз юритилди. Хўш, бу мажбуриятни бажармаслик қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин?
Қонунга кўра, бундай ҳолатларда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима белгиланади.
Aгар ушбу хатти-ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этилса, БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима қўлланилишига сабаб бўлади.
Шунингдек, мансабдор шахслар томонидан мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаганлик учун БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланди.
Aгар ушбу хатти-ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этилса, БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима қўлланилишига олиб келади.
Бунда маъмурий баённома расмийлаштириш билан боғлиқ вазифалар Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилган.
Қонун ҳаётга қандай татбиқ этилади?
Қонунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, коррупция ва манфаатлар тўқнашувига йўл қуйилган ҳолда тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топилади ҳамда битим бўйича барча олинган фойда давлат бюджетига ўтказилади.
Таъкидлаш лозим, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун расман эълон қилинган кундан 6 ой ўтгач кучга киради.
Телеграмда кузатиб боринг!