Истанбулда спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 нафарга етди
Мамлакат бўйлаб қалбаки алкогол ичимликлардан жами 37 киши вафот этган.
Туркияда спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 нафарга етди. Бу ҳақда Истанбулдаги бош консулхона хабар берди.
2025 йилнинг 16 январ куни Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида яна 4 нафар Ўзбекистон фуқароси (барчаси эркак) вафот этди.
Аввалроқ, 14 январ куни 6 нафар, 15 январ куни эса 4 нафар кишининг заҳарланиш оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилган. 17 январ ҳолатига кўра, заҳарланиш оқибатида вафот этган фуқароларнинг умумий сони 14 нафарни ташкил қилмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 17 январ ҳолатида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли ташхиси билан Туркия бўйлаб касалланганлар сони 88 нафарни ташкил этиб, шундан 37 нафари вафот этган. Ушбу қурбонлар орасида маҳаллий аҳоли вакиллари ва бошқа миллат вакиллари ҳам мавжуд.
Истанбул ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари 2025 йил 16 январ куни Истанбул шаҳрида 32 862 литр ноқонуний метил ва этил спиртли ичимликларни мусодара қилган.
Ҳозирда 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Текширувлар чоғида 227 шиша сохта ичимлик ва дистиллаш ускунаси ҳам топилган. Қўлга олинганлардан 3 нафари полициядаги сўроқлардан сўнг қўйиб юборилган бўлса, 6 нафарининг тергови давом этмоқда.
Қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида даволанаётган Ўзбекистон фуқароларнинг 3 нафарининг аҳволи оғир.