platina.uz

Дори-дармон бўйича уюшган гуруҳ бюджет маблағини талон-торож қилгани аниқланди

Улар аслида етказиб берилмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қабул қилинганлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузишган. 

Жамият
13 январь, 19:00
Дори-дармон бўйича уюшган гуруҳ бюджет маблағини талон-торож қилгани аниқланди

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган шахсга нисбатан суд иши кўрилди. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Маълум бўлишича, Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи уюшган гуруҳ раҳбари, бирлашманинг бир қатор мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, “Gold Grown Pharma”, “Farm Family Biznes”, “Profarma vodiy savdo”, “Health Pharm Pharmacy”, “Epoch Pharma”, “Medico-Med Texnica” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Shifokor-82” оилавий корхонаси раҳбарлари ҳамда бошқалар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, уюшган гуруҳга бирлашган.Улар бирлашма билан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган шартномаларга кўра аслида етказиб берилмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қабул қилинганлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузишиб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини талон-торож қилишган.

Судланувчи С.Ё Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси вазифасида ишлаган. У уюшган гуруҳ манфаати учун хизмат қилган, натижада биргина вазиятнинг ўзида давлат бюджетининг жами 428.377.000 сўмлик жуда кўп миқдордаги маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишга муваффақ бўлишган.Бу Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда “Gold Grown Pharma” МЧЖ ўртасидаги шартнома доирасида амалга оширилган.

Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда “SHIFOKOR-82” ОК ўртасидаги шартномаси бўйича эса давлат бюджетининг жами 30.500.000 сўмлик маблағларини такроран ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган. Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда “HEALTH PHARM PHARMACY” МЧЖ ўртасида шартномада эса жами давлат бюджетининг жами 181.334.100 сўмлик жуда кўп миқдордаги маблағларини такроран ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Судланувчи Ё.С. суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлган.

Якуний ҳукмга кўра, судланувчи ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “а,в” бандлари, 209-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.Унга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 11 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида 102.000.000 (бир юз икки миллион) сўм жарима жазоси тайинланди.

Жиноят туфайли етказилган зарарни қоплаш учун Андижон вилоят прокуратурасининг “Ипотека-банк” Андижон вилоят филиали депозит ҳисоб рақамига топширилган 869.154.000 сўмдан 694.805.200 сўм Молия Вазирлигининг Ягона ғазна ҳисоби рақамига ўтказилиши белгиланган ва депозит ҳисобидаги 174.948.000 сўм пуллар бошқа жиноят иши доирасида муҳокама қилиш учун қолдирилди.

Суд иши Олий суд порталидан олинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+