Тошкентда прокуратура терговчиси қўлга олинди
Наманганда эса прокурорнинг катта ёрдамчиси 2400 доллар билан ушланган.

Олмазор тумани прокуратураси терговчиси пора билан ушланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Унда Тошкент шаҳрида гул етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятнинг муқаддам прокуратура органларида ишлаган ва судланган юристи савдо-сотиқ соҳасига ихтисослашган масъулияти чекланган жамият мансабдор ходимларига нисбатан Жиноят Кодексининг 184 ва 189-моддалари билан қўзғатилиб, Олмазор тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида жалб қилинган шахсга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлламаслик масаласини мазкур туман прокуратураси мансабдор шахслари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, масъулияти чекланган жамият юристининг автомашинасида Олмазор тумани прокуратураси терговчиси ундан ушбу пул маблағини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирда прокуратура терговчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан, масъулияти чекланган жамият юристига нисбатан эса Жиноят Кодексининг 212-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Чортоқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси эса 2400 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Наманган вилояти Чортоқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори 5 нафар фуқарога ногиронлик нафақасини белгилашда сохта ҳужжатлар тайёрлаб берганлиги юзасидан тақдим қилинган материалларни ўрганиб чиқиб, унга нисбатан қонуний чора кўрмаслик эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилган.
Аммо, у сўралган пул маблағидан 2400 АҚШ долларини олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.