Тадбиркорнинг пулини ўзлаштирган банк мутахассиси жазоланди
У хусусий корхона маблағини яқинлари номига очилган пластик карталарга ўтказиб, бир қисмини банк кассасида нақдлаштириб олган.

Сурхондарё вилояти Узун туманида тадбиркорнинг 60 млн сўм маблағини ўзлаштирган банк мутахассисига ҳукм ўқилди. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди сайёр мажлисида ушбу иш кўриб чиқилди. Айбланувчи ХХ Узун туманидаги банк хизматлари марказида бўлим бош мутахассиси бўлиб ишлаган.
У тумандаги хусусий корхоналардан бирининг ҳисоб рақамидаги пулларни яқинлари номига очилган пластик карталарга ўтказиб, 19 млн сўмни банк кассасида нақдлаштириб олган. Қолганини мобил иловалар орқали бошқа карталарга ўтказиб, жами 60 млн сўмни талон-торож қилган. Тадбиркорнинг пулларни бошқариш имкониятини чеклаб қўйган.
Судда айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Унинг айби далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари билан ҳам тасдиқланган. Айбланувчининг айбини тан олгани, 4 нафар фарзанди борлиги, пушаймонлиги енгиллаштирувчи ҳолатлар, аввал судланганлиги эса оғирлаштирувчи ҳолат деб топилди.
Якуний суд ҳукмига кўра, айбланувчи ХХ 1,5 йил муддатга давлат органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, жами 2 йилу 6 ой аҳлоқ тузатиш ишлари тайинланди.
Иш бўйича етказилган зарарлар тўлиқ қопланган.
Суд ҳужжати Олий суд порталидан олинди.