Миграция агентлиги Россияда бўлиб турган ва бораётган фуқароларни огоҳлантирди
Ушбу огоҳлантириш 22 март куни Москва вилоятидаги терактдан сўнг кучайтирилган хавфсизлик қоидалари билан боғлиқ.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бормоқчи бўлган ва ушбу давлатда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат қилди.
Айтилишича, Москва вилоятида 22 март куни юз берган теракт сабабли бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.
"Шу муносабат билан, Россияга борётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб турган ёки мамлакатдан чиқиб кетётган юртдошларимиздан ушбу хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўраймиз.
Хусусан, шахсни тақдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини бурувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади.
Юртдошларимиз бирор муаммога дуч келганда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан мамлакатимизнинг консуллик идоралари ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкин" дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, Crocus City Hall концерт залидаги ҳодиса сабаб 140 дан ошиқ киши ҳалок бўлди. Ушбу терактда гумонланиб саккиз киши ҳибсга олинди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.