Ғазода гуманитар ёрдам илинжидаги 110 дан ошиқ киши ҳалок бўлди
Аввал Исроил ҳарбийлари тинч аҳолига қарата ўт очган, натижада ёрдам карвони атрофида тартибсизлик юзага келган.
Ғазо секторига гуманитар ёрдам карвон кириб келиши вақтида юз берган тартибсизликлар оқибатида 110 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.
Ғазо шаҳри ғарбида Исроил ҳарбий назорат пунктидан ўтаётган юк машиналари карвонини гуманитар ёрдам кутаётган оломон қуршаб олган.
Исроил армиясининг маълум қилишича, қўшинлар ҳарбийлар хавф туғдирган деб ҳисоблаган баъзи фаластинликларга қарата ўт очган.
Натижада юзага келган тартибсизликда юк машиналари олдинга силжишга ҳаракат қилишган. Воқеа гувоҳи бўлган фаластинлик BBC билан суҳбатда ҳалок бўлганларнинг кўпчилигини машиналар уриб кетганини тасдиқлади.
Исроил ҳарбийлари томонидан эълон қилинган ҳаводан олинган видеода минглаб одамлар юк машиналари устига чиқиб, уларнинг атрофида тўпланганини кўриш мумкин.
Ғазо томони мазкур фожиада Исроилни айблади. АҚШ президенти Жо Байден бу воқеа ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги тўқнашувларда вақтинчалик ўт очишни тўхтатишни қийинлаштиришидан хавотир билдирди.
Маълумотларга кўра, бугунга келиб Ғазодаги урушда 30 мингдан ошиқ фаластинлик ҳалок бўлди.