ДХХ Тошкент ва Бухорода икки мансабдорни ушлади
Қурилиш назорати инспекцияси вакили тадбиркордан 12 минг доллар талаб қилган.
ДХХ Тошкент вилоятида бош мутахассисни, Бухорода эса архитекторни қўлга олди.
Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси маҳаллий тадбиркор томонидан Ўртачирчиқ туманида қурилган 3 қаватли савдо мажмуаси биносини фойдаланишга қабул қилиб бериш ва бошқа ҳужжатларини тегишли ташкилотларда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилади.
У сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди.
“Ўзбекистон шаҳарсозлик бўйича лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти” архитектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб ҳамда Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасидаги танишлари орқали, Бухоро шаҳрида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли 8 сотих ер майдонида бино-иншоотлар қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга ёрдам беришга 5 минг АҚШ доллари талаб қилади ва сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
Аввалроқ ДХХ уч маротаба судланган шахсни гиёҳванд моддалар билан қўлга олганди.