platina.uz

Янги йил кайфиятини берувчи филмлар – ТОП-10

Қуйида янги йил мавзусига бағишланган, дунё бўйлаб машҳур бўлган филмлар рўйхатини тақдим этамиз.

Маданият
30 декабрь 2024 йил
Янги йил кайфиятини берувчи филмлар – ТОП-10
Фотоколлаж: Platina.uz

Янги йил байрами кино ихлосмандлари учун филм томоша қилишнинг айни вақти. Биз байрамни кайфият берувчи, муҳитни янада бойитувчи киноларсиз тасаввур қила олмаймиз. Қуйида янги йил мавзусига бағишланган, дунё бўйлаб машҳур бўлган филмлар рўйхатини тақдим этамиз. Бу филмлар оилавий йиғинлар, дўстлар давраси ёки оддий дам олиш учун мукаммал танловдир!

10. “Асл севги”, 2003

Филм турли қаҳрамонларнинг 10 та воқеасини ўз ичига олади. Картина Янги йил кайфиятини ажойиб тарзда етказиб беради ва яхши муҳит яратиш учун илҳом бағишлайди. Яхши танланган актёрлар гуруҳи эса картинани жозибадор қилган. Филм умумий ҳисобда 246 миллион доллар келтирган.

9. “Гринч – Янги йил ўғриси”, 2000

Филм янги йилни ёмон кўрадиган, уни бузишга ҳаракат қилган Гринч ҳақида. У кейинчалик қалбида байрам шукуҳи қайта уйғонганини ҳис қилади. Ушбу филмнинг кейинчалик римейклари, анимацион картиналари ҳам ишлаб чиқилди ва улар ҳам анча муваффақиятга эришган. Аммо Жим Керрининг ушбу филми ҳаммасини бошлаб берди. У бюджетдан деярли 3 баравар кўп, яъни 345 миллион доллар ишлаб топди. “Гринч – Янги йил ўғриси” филми “Уйга ёлғиз” филмларидан кейин учинчи энг кўп даромад келтирган Янги йил филми бўлган.

8. “Элф”, 2003

Филм тасодифан Шимолий қутбга тушиб қолган ва Санта Клауснинг элфлар жамиятига қўшилган Будди ҳақида ҳикоя қилади. Будди ўзини элф деб ҳисоблаб улғаяди, лекин балоғатга етганида асл ҳақиқатга дуч келади. Ушбу филмнинг бюджети 33 миллион доллар бўлиб, 225 миллион даромад олиб келган.

7. “Қорбобо”, 1994

Филмда Скотт Келвин исмли одам янги йилда томдан йиқилиб тушган қоқбобонинг ўрнига ўзи хоҳламасдан келиб қолади. Кейинчалик у қорбобо бўлишни ёқтириб, шимолий қутбда элфлар билан яшаш учун қолади. “Қорбобо” филми ҳам тепадаги янги йил картиналари сингари катта даромадга эга бўлган. Филминг 2- ва 3- қисмлари ҳам олинган.

6. “Сиэтллик бедорлар”, 1993

Ушбу филм романтик драма-комедия жанрида бўлиб, режиссёр Нора Эфрон томонидан ишланган. Филм томошабинларнинг қалбини забт этган ва ўз жанрининг классикасига айланган. У $228 миллиондан ортиқ даромад қилган. Кино давомида Сем ва Энни турли шаҳарлар ва вазиятлар орқали боғланишга интилади, аммо улар фақат филмнинг охирида Ню-Йоркдаги машҳур “Эмпайр” биносида учрашади.

5. “Таътиллар алмашганда”, 2006

Филм романтик комедия жанрида бўлиб, режиссёр Ненси Мирс томонидан ишланган. Ушбу филм севги, янги бошланишлар ва ўз-ўзини англаш ҳақида илиқ ва самимий ҳикоя қилади. Филм икки асосий қаҳрамоннинг ҳикоясига асосланган: Аманда Вудс (Кемерон Диаз): Лос-Анжелесда яшовчи муваффақиятли, аммо ёлғизликка маҳкум бўлган реклама продюсери. Ирис Симпкинс (Кейт Уинслет): Лондонда яшовчи журналист, севги билан боғлиқ оғриқли йўқотишга эга қиз.

Байрам мавсумида иккаласи ҳам ҳаётидаги ҳиссий чарчоқдан қочишни хоҳлайди ва бир-бирлари билан уйларини алмаштиришга қарор қилишади. Аманда Лондонга, Ирис эса Лос-Анжелесга йўл олади. Бу йўл уларнинг ҳаётини тубдан ўзгартиради.

4. “Жаноб Биннинг янги йил саргузаштлари”

Комедия жанридаги афсонавий қаҳрамон жаноб Биннинг (Роуэн Аткинсон) Янги йил мавзусига бағишланган қисқа эпизоди бўлиб, унинг ноёб услуби ва ҳазил-мутойибалари билан безатилган. Ушбу эпизод "Жаноб Бин" сериалининг 7-қисми бўлиб, 1992 йилда намойиш этилган ва бугунги кунда ҳам байрам кайфиятига мос келувчи классик асар сифатида томоша қилинади. Эпизод бирор сўз ишлатилмайдиган ҳазиллар билан бойитилган бўлиб, ҳар қандай ёшдаги ва маданиятдаги томошабинларга маъқул келади.

3. “Шимолий қутб экспресси”, 2004

Бу Янги йил мавзусига бағишланган анимацион филм бўлиб, режиссёр Роберт Земекис томонидан ишланган. Филм бир нечта "Оскар" номинацияларига эга бўлган ва томошабинлар томонидан юқори баҳоланган. “Шимолий қутб экспресси” болалардаги ишонч ва мўъжизалар ҳақида чуқур маъноли ҳикоя қилиб, байрам классикасига айланган. Сюжетнинг марказида исм-шарифи очиқланмаган бир бола бўлиб, у Янги йил мўъжизаларига ишончини йўқотган. Бир кеча, янги йил арафасида, унинг уйи олдида сирли Шарқий экспресс поезди пайдо бўлади. Поезднинг йўналиши – Шимолий қутб, Санта Клауснинг яшаш жойи.

Бола поездга чиқиб, ўз ишончини қайта тиклаш учун унутилмас саргузаштга йўл олади. Поездда бошқа болалар билан танишиб, кўп дўстлар орттиради.

2. “Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг”, 1975

Филм 1975 йилда суратга олинган, режиссёр Элдар Рязанов томонидан ишланган. Бу филм янги йил классикасига айланган бўлиб, ҳар йили байрам арафасида томоша қилинади ва ҳар сафар ўзининг илиқ, кулгили ва самимий руҳини ҳис эттиради. Филм инсон ҳаётидаги тасодифий воқеалар қандай қилиб янги йўналишларни очиши мумкинлигини кўрсатади. Андрей Мягков (Женя), Барбара Брилска (Надя) ва Юрий Яковлевнинг (Ипполит) ижролари филмни унутилмас қилади.

1. “Уйда ёлғиз”, 1990-1992

Биринчи ўринга албатта бундан лойиқ номзод бўлмаса керак. “Уйда ёлғиз” байрам мавсумида томоша қилиш учун энг машҳур ва севимли филмлардан бири бўлиб, режиссёр Крис Коламбус томонидан суратга олинган. "Уйда ёлғиз" 1990 йилда катта экранларда улкан муваффақият қозониб, $476 миллион даромад келтирган. Филмнинг давоми ҳам мухлислар томонидан яхши қабул қилинган.

8 ёшли Кевин МакКаллистер ўзининг катта оиласи билан Янги йил байрамига тайёргарлик кўраётган пайтда, тасодифан уйда ёлғиз қолиб кетади. Уйдаги бу ёлғизликдан сармаст юради, аммо икки ўғри уларнинг уйига киришни режалаштиради. Кевин ўзининг зукколиги ва саргузаштга бой услублари билан ўғриларни тўхтатишга муваффақ бўлади.


Юқоридаги филмлар янги йилни унутилмас дамларга айлантиришга ёрдам беради. Оилангиз ёки дўстларингиз билан ушбу филмларни томоша қилинг ва янги йил кайфиятидан завқланинг!

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+