АҚШ собиқ президенти 100 ёшида вафот этди
Жимми Картер 1977 йилдан 1981 йилгача давлат раҳбари бўлиб ишлаган. Нобел мукофоти совриндори.

АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер 100 ёшида вафот этди.
АҚШнинг 39-президенти, тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Жимми Картер Жоржия штатида вафот этди. Унинг ўлими ҳақида ўғли Жеймс Картер III баёнотига асосланиб, The Washington Post нашри хабар берди. Ўлим сабаблари маълум қилинмаган.
Картер 1977 йилдан 1981 йилгача давлат раҳбари бўлиб ишлаган ва истеъфога чиққанидан кейин хайрия ишларида қатнашган, шунингдек, гуманитар лойиҳаларда иштирок этган.
Картер тинчликпарвар президент сифатида машҳур бўлди, чунки унинг муддатида Исроил ва Миср ўртасидаги Кемп Девид келишуви имзоланди. Картер 2002 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди.
У АҚШ тарихидаги энг узоқ умр кўрган президентидир. Унинг тўрт фарзанди, 11 невараси ва 14 чевараси бор.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ва истеъфодаги давлат раҳбари Жо Байден собиқ президентнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.




