ОАВ: Трамп ҳокимиятга келгач Украинани қўллашда давом этади
Бундан ташқари АҚШнинг сайланган президенти Европа давлатларини мудофаа учун кўпроқ пул ажратишга мажбурламоқчи.

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп маъмурияти Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади, деб ёзади Financial Times манбаларга асосланиб.
Нашр суҳбатдошларига кўра, бу позицияни Трампнинг энг яқин ёрдамчилари Европанинг юқори мартабали амалдорлари билан музокаралар чоғида билдирган.
Бундан ташқари, Трамп жамоаси Европа расмийларига сайланган президентнинг НАТО давлатларидан мудофаа харажатларини оширишни талаб қилиш режалари ҳақида айтган.
Трамп ЯИМнинг 3,5 фоизига рози бўлиши мумкин. Бошқа манбага кўра, бу рақам 5 фоизни ташкил этади. Доналд Трамп, шунингдек, "мудофаа харажатларининг ошишини Қўшма Штатлар билан савдонинг янада қулай шартлари таклифи билан аниқ боғлашни" режалаштирмоқда, дея қўшимча қилди FT нашри суҳбатдошлари.
НАТОнинг Европа аъзолари Доналд Трамп президентликка келиши арафасида мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2 фоизидан 3 фоизигача оширишни муҳокама қилишмоқда.
Ўзининг биринчи муддатида (2017 йилдан 2021 йилгача) Трамп НАТОнинг айрим давлатларини, жумладан Чехия ва Испанияни мудофаа харажатлари кўрсаткичларидан ортда қолаётганини танқид қилганди.




