platina.uz

Президент масъулиятсизликка йўл қўйган 297 раҳбар ишдан олинганини айтди

"Қатъий огоҳлантираман – маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди. Ҳамма ўзгариши керак", деди президент.

Жамият
5 кун аввал, 16:30
Президент масъулиятсизликка йўл қўйган 297 раҳбар ишдан олинганини айтди
Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент раислигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар сарҳисоби ва 2025 йил учун устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Банк хизматларининг маҳалла даражасигача туширилгани яхши натижа бераётгани қайд этилди. Айниқса, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувонда тадбиркорлик муҳити тубдан ўзгарди.

Хусусан, Уйчи туманида банклар 3 минг 200 та фаол мижоз билан ишлаб, муаммоларни ҳал қилиб бергани учун 9 минг одам доимий ишли бўлди. Камбағаллар сони 6 мингга камайди.

Йиғилишда айрим раҳбарлар “бу вақтинча, бир-икки йилда ўтиб кетади” деган кайфиятда юрганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бу борада сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйган иқтисодий комплексдаги 297 нафар раҳбар ишдан олинди. Улар ўрнига замонавий фикрлайдиган, янги тажриба яратиб, одамларимизни рози қиламан деган ташаббускор ёшлар ишга олинди.

“Қатъий огоҳлантираман – маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди. Ҳамма ўзгариши керак.

Кўриб турибсизлар, ҳар дақиқа дунёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият қийинлашиб, янги-янги таҳдидлар пайдо бўлаяпти. Уларга бугун жавоб топмасак, кейин кеч бўлади”, - деди давлат раҳбари.

Президент янги имкониятлар ва режаларни белгилаб берди.

Ўтган 6 йилда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 750 минг аҳоли кредитини вақтида қайтариб, даромадли бизнесга эга бўлди. Улардан 58 минги янги корхона ҳам очди.

Энди банклар мана шундай синовдан ўтган мижозларини қўллаб-қувватлаб, уларни кичик ва ўрта бизнес даражасига олиб чиқиши кераклиги таъкидланди. Уларга “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида шартсиз 300 миллион сўм кредит берилади.

Бу орқали келгуси йилларда 1,5 миллион аҳолини ишли қилиш мумкинлиги таъкидланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+