platina.uz

Қароргоҳлар: Исроил раҳбари қаерларда яшайди?

Унинг расмий уйлари, қароргоҳлари ва идоралари мамлакат сиёсий ва давлат инфратузилмасининг муҳим объектлари ҳисобланади.

Видео
14 декабрь, 19:29

Яқин Шарқдаги қуролли можароларнинг мантиқий давоми сифатида, Исроил бош вазири қароргоҳига учувчисиз парвоз аппарати ҳужум қилди. Бош вазир ва унинг рафиқаси ҳужум пайтида бошқа жойда бўлган.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг Кесариядаги қароргоҳига 19 октябр куни эрталаб Ливандан учирилган дрон ҳужум қилган. Қурбонлар ва яраланганлар бўлмади.

Исроил томони бу дрон ҳужуми Эрон ҳукуматининг буйруғи ва буюртмаси билан амалга оширилган деган баёнот тарқатди.

Бенямин Нетаняху Исроил тарихидаги энг машҳур ва энг узоқ вақт хизмат қилган бош вазирлардан бири. Унинг расмий уйлари, қароргоҳлари ва идоралари мамлакат сиёсий ва давлат инфратузилмасининг муҳим объектлари ҳисобланади. Улар нафақат уй-жой ва иш жойлари, балки муҳим музокаралар ўтказиш ва хорижий делегацияларни қабул қилиш маскани сифатида ҳам хизмат қилади.

“Балфур-3”

Бош вазирнинг расмий қароргоҳи “Балфур 3” ҳисобланади. У Қуддус шаҳридаги Балфур кўчаси, 3-уйда жойлашган. Бу бино 1974 йилдан бери Исроил бош вазирларининг қароргоҳи ҳисобланади. Бу кўчага Исроил давлатини яратишга қўшган ҳиссаси билан танилган британиялик сиёсатчи Aртур Балфур номи берилган.

“Балфур-3” яшаш учун қулай хоналар, иш кабинетлари, меҳмонларни қабул қилиш ва музокаралар ўтказиш учун хоналар, шунингдек, хавфсизлик ва қўриқлаш хизматлари учун зонадан иборат. Бинонинг мавқеси ва унинг вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, турар-жой замонавий алоқа воситалари, хавфсизлик ва киришни назорат қилиш билан жиҳозланган.

“Балфур-3” қароргоҳи сўнгги йилларда катта таъмирлаш ва янгиланишларга гувоҳ бўлди. Масалан, 2016 йилда хавфсизлик ва қулайлик тизимларини такомиллаштириш ишлари олиб борилди. Бу таъмирлашга деярли 600 минг AҚШ доллари сарфлангани тахмин қилинади. Бундай катта харажатлар Исроил жамоатчилиги ва мухолифатнинг танқидига сабаб бўлди.

“Кесария”

Ливандан учирилган дрон ҳужум қилган ушбу истеҳком, Нетаняҳу оиласининг шахсий қароргоҳи бўлиб. Ўрта ер денгизи соҳилидаги Кесария шаҳрида жойлашган. Бу қароргоҳ Нетаняху ва унинг оиласи учун у мансабдан кетган пайтида ҳам дам олиш ва шахсий ҳаёт жойи бўлиб хизмат қилган.

Кесариядаги хусусий турар жойнинг тартиби ва чизмалари ҳақидаги аниқ маълумотлар хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор этилмаган. Уй барча зарур қулайликлар, жумладан, кенг яшаш хоналари, бассейн, айвон ва шахсий учрашувлар ва тадбирлар учун хоналар билан жиҳозлангани маълум.

Қароргоҳнинг кучайтирилган хавфсизлиги ва хавфсизлик тизимларини ўрнатиш давлат бюджети ҳисобидан таъминланади. 2019 йилда мазкур қароргоҳ периметрмни мустаҳкамлаш ва кузатув тизимини ўрнатиш бўйича қўшимча ишлар амалга оширилган бўлиб, тахминан 150 минг доллар харажат қилинган.

Ликуд штаб-квартираси – Нетаняхунинг сиёсий базаси

Ликуд партиясининг штаб-квартираси Тел-Aвивда жойлашган. Бу учрашувлар ўтказиладиган, стратегиялар режалаштириладиган ва сиёсий кампаниялар мувофиқлаштириладиган асосий жой ҳисобланади.

Ушбу штаб мажлислар хоналари, маъмурий ходимлар учун кабинетлар, шунингдек, матбуот ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш учун махсус жойлар билан жиҳозланган. Бу ерда стратегик учрашувлар, партия фаоллари билан учрашувлар, сайловолди ташвиқотига тайёргарлик кўрилади.

Штаб-квартира Ликуд партияси бюджети ҳисобидан, шунингдек, хусусий донорларнинг хайриялари ва кўмаги томонидан молиялаштирилади. Бош қароргоҳ эксплуатацияси ижара ҳақи, ходимларнинг иш ҳақи ва тадбир харажатларини ҳисобга олган ҳолда йилига тахминан 2 миллион AҚШ долларини ташкил этади.

Бош вазирнинг Қуддус шаҳридаги идораси

Бош вазирнинг идораси Қуддусдаги ҳукумат мажмуасида жойлашган. Бу бино Исроил давлати ташкил топганидан бери ҳукумат раҳбари ва унинг жамоасининг асосий иш жойи бўлиб хизмат қилиб келади.

Бош вазирнинг офис биносида офислар, мажлислар заллари, конференция заллари ҳамда хавфсизлик ва разведка хизматлари учун хоналар мавжуд. Офис давлат ҳужжатлари ва музокаралар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган замонавий алоқа ва хавфсизлик ускуналари билан жиҳозланган.

Бош вазир қароргоҳи замонавий хавфсизлик ва самарадорлик талабларига жавоб бериш учун вақти-вақти билан модернизация қилиб турилади. Охирги капитал реконструкция 2018 йилда якунланди ва давлатга тахминан 5 миллион AҚШ долларига тушди.

Қароргоҳларни молиялаштириш манбаи

Бу объектларнинг барчаси асосан Исроил давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Маблағлар давлат бюджетининг юқори мансабдор шахсларнинг хавфсизлиги ва таъминоти билан боғлиқ турли моддаларига мувофиқ ажратилади. Объектларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун сарфланадиган харажатлар, айниқса, маблағлар ҳаддан ташқари кўп бўлиб кўринса, кўпинча жамоатчилик ва мухолифатнинг танқидига сабаб бўлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+