Тошкентнинг 3 та туманида 11 декабргача электр энергиясида узилишлар кузатилади
Масъуллар буни “Тепличная” подстанциясидаги модернизация дастури доирасида маънан ва жисмонан эскирган электр қурилмаларини замонавий электр қурилмаларга алмаштириш ишлари билан изоҳлади.
Қишга тайёргарлик мақсадида Тошкент шаҳрининг Миробод, Сергели ва Юнсубод туманларидаги бир неча ўнлаб маҳалларида 5-11 декабр кунлари электр энергиясида узилишлар бўлади.
"Тошкент шаҳар электр тармоқлари"нинг хабарига кўра, Сергели ва Миробод туманларининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи 110/35/10 кВ кучланишли "Тепличная" подстансиясида модернизация дастури доирасида маънан ва жисмонан эскирган электр қурилмаларини замонавий электр қурилмаларга алмаштириш ишларини хавфсиз олиб бориш ҳамда юкламани тенг тақсимлаш мақсадида вақти-вақти билан қисқа муддатли электр таъминотида узилишлар кузатилади.
Хусусан, 5 декабр куни Миробод, Сергели ва Юнусобод туманларининг кўплаб маҳалларида чироқ ўчирилгани учун айрим мактаб-боғчалар чироқсиз қолган, светофорлар ишламагани учун кўчаларда машиналар тирбандлиги янада кўпайган.
Марказий иситиш тизимига уланмаган, ўзини ўзи иситиш қурилмаларига эга янги қурилган кўп қаватли уйлар эса совуқдан музлай бошлаган.
Ушбу масала юзасидан изоҳ олиш мақсадида Энергетика вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик.
"Бу 6 кунлик даврда уззу-кун чироқ ўчади, дегани эмас. Қайсидир ҳудудда бугун 2-3 соат узилса, эртага бошқасида 4-5 соат, вазиятга қараб чироқ бўлмаслиги мумкин. Унинг вақти ҳажми ишнинг даражаси билан боғлиқ бўлиб, ўчириш муддати туман ҳокимлиги билан келишилади. Ва бу ҳақда туман ҳокимликлари ҳамда маҳаллалар телеграм каналларида аҳоли хабардор қилиб борилади. Ўзини ўзи иситадиган хонадонларга келсак, бу борада бирор нима дея олмайман", деди вазир матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзгидромет" хабарига кўра, 9-10 декабр кунлари қор ёғиб, ҳаво ҳарорати -10 даражага тушиб кетиши кутиляпти.