Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлга қарши тергов бошланди
Давлат раҳбари давлатга хиёнатда айбланмоқда. У икки кун аввал мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилганди.
Жанубий Корея полицияси президент Юн Сок Ёлга қарши тергов бошлади. У давлатга хиёнатда гумон қилинмоқда.
Президент Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан кейин давлатга хиёнат қилишда гумон қилинмоқда, деб хабар бермоқда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги.
AFP юқори мартабали полициячига асосланиб ёзишича, Юн исёнда гумон қилинмоқда.
Нашр таъкидлаганидек, бу ҳолатда президентнинг дахлсизлиги қўлланилмайди ва ҳатто ўлим жазоси ҳам қўлланилиши мумкин.
Yonhap'нинг аниқлик киритишича, полиция икки шикоятдан сўнг терговни бошлаган. Улардан бири Корея Инновацион партияси (мухолифат партияларидан бири), иккинчиси 59 нафар фаоллар гуруҳи томонидан тақдим этилган. Бу шикоятлар нафақат Юн, балки собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Хён, ички ишлар вазири Ли Санг Мин ва ҳарбий ҳолатни татбиқ этиш учун масъул этиб тайинланган генерал Пак Ан Суга ҳам тегишли.
Эслатиб ўтамиз, 3 декабр куни Жанубий Корея раҳбари кутилмаганда ҳарбий ҳолат эълон қилди. У мухолиф Демократик партияни айблаб чиқди.
Бироқ мамлакат парламенти шошилинч йиғин ўтказиб, ҳарбий ҳолатни бекор қилди.