platina.uz

Шавкат Мирзиёев Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори билан учрашди

Учрашувда тинч атом соҳасини ривожлантириш бўйича қўшма "йўл харитаси"ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилган. 

Жамият
4 декабрь, 18:45
Шавкат Мирзиёев Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори Рафаэль Гроссини қабул қилди.

4 декабр куни бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва амалий шерикликнинг янги йўналишларини илгари суриш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон 1994 йилдан буён ХАЭА аъзосидир. Бу давр мобайнида ушбу нуфузли ташкилотнинг техник кўмагини жалб этган ҳолда 40 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилди. Ҳозирда миллий тузилмаларнинг ҳуқуқий базаси ва салоҳиятини такомиллаштириш, ядро фани, тиббиётини ривожлантириш бўйича ва бошқа йўналишларда 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари ХАЭА делегацияси бугун Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ва илмий муассасаларида ўтказган учрашув ва тадбирларнинг натижаларини юқори баҳолади. 5 декабр куни Самарқанд шаҳрида соҳадаги етакчи хорижий экспертлар иштирокида бўлиб ўтадиган Атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция биргаликда ташкил этилгани қайд этилди.

Миллий агентликларнинг компетенциялари ва салоҳиятини ошириш, ХАЭА дастурлари доирасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ядро энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, сувдан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, экология соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Учрашув якунида тинч атом соҳасини ривожлантириш бўйича кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қўшма "йўл харитаси"ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди, дейилади хабарда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+